Германияда портловчи модда ўрнатилган дрон топилди
Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт Лейпсиг–Галле аеропортида портловчи модда ўрнатилган дрон аниқланганини мамлакат учун «янги таҳдид даражаси» деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса ортида юқори даражада тайёргарликка эга шахслар турган бўлиши мумкин, тергов эса хорижий давлатлар эҳтимолий иштирокини ҳам истисно этмаяпти.

Германиянинг Саксония федерал еридаги Лейпсиг–Галле аеропортида портловчи модда ўрнатилган дроннинг топилиши мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, бу ҳодиса тасодифий эмас ва уни амалга оширган шахслар юқори техник билим ҳамда портловчи моддалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган. Добриндтнинг фикрича, бу ҳаваскорлар эмас, балки профессионаллар томонидан уюштирилган гибрид ҳужум бўлиши мумкин.
Добриндт эҳтимолий айбдорларнинг номини ошкор этмади, бироқ ҳодиса ортида хорижий давлатлар ҳам туриши мумкинлигини айтди ва бу ҳолат тергов жараёнида аниқланишини билдирди. Мазкур воқеа муносабати билан вазир таътилини тўхтатиб, бир нечта хавфсизлик идоралари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказган.
Полиция маълумотларига кўра, 5-августга ўтар кечаси Лейпсиг–Галле аеропортида Украина ҳарбий юк самолёти Антонов-124 (Ан-124) дан бир неча метр узоқликда шубҳали буюм топилган. Рентген текшируви натижасида бу детонатор ўрнатилган портловчи моддали кичик квадрокоптер эканлиги аниқланган. Кейинчалик дрон масофадан бошқариладиган робот ёрдамида хавфсиз тарзда зарарсизлантирилган.
Ҳодиса туфайли аеропорт фаолияти вақтинча тўхтатилган, бир нечта рейслар бошқа аеропортларга йўналтирилган. Шу вақтда Лейпсигга қўна олмаган ДҲЛ компаниясининг юк самолёти қайта баландликка кўтарилаётганда номаълум объект билан тўқнашган. Самолёт парвозни давом эттириб, Ҳанновер аеропортига қўнган. Кейинчалик унинг корпусида енгил шикастланишлар аниқланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Лейпсиг–Галле аеропорти Ғарб давлатларининг Украинага ҳарбий ёрдамини етказиб беришда муҳим логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда ДҲЛ компаниясининг йирик логистика маркази ҳам жойлашган.

