Дунё

Геленжикда украин дрони пляждаги одамлар устига қулади

Маҳаллий аҳоли огоҳлантириш тизими ишламаганидан шикоят қилган. Украина томони дрон радиоелектрон кураш воситаси таъсирида қулаганини айтмоқда. Портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар жароҳатланган.

Украина дрони Геленжикдаги пляжга қулаши оқибатида етти киши, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Архипо-Осиповка посёлкасига қилинган ҳужум натижасида 40 киши жароҳатланган, улардан 21 нафари шифохонага ётқизилган. Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецовнинг хабар беришича, жабрланганлардан тўрт нафари, шу жумладан икки нафар бола оғир аҳволда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда дроннинг тўғридан-тўғри пляжга келиб урилгани ва портлагани акс этган. Ҳодиса содир бўлган вақтда соҳил ва сувда одамлар дам олаётган бўлган.

Краснодар ўлкаси оператив штаби соҳилга "дрон парчалари" тушганини маълум қилди. Украинадаги Телеграм-каналлар эса дроннинг радиоелектрон кураш воситалари таъсирида бошқарувни йўқотиб, пляжга қулаганини таъкидламоқда.

"Осторожно, новости" нашрининг қайд этишича, шаҳар раҳбари Алексей Богодистов соат 08:34 да дронлар ҳужуми хавфи ҳақида хабар берган. Орадан 10 дақиқа ўтиб, у бу режим бекор қилинганини ёзган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар посёлкада огоҳлантирувчи тизим мавжуд бўлишига қарамай, сиреналар овози эшитилмаганидан шикоят қилишган. 93.ru нашри ўқувчилари ҳам огоҳлантириш тизими ишламаганини айтиб беришган.

ukrainerussiadrone attackair defensecasualtiesgelenjikbeachwarning system failure