Ғарбий Европада рекорд жазирама қайд этилди
2026-йилнинг июн ва июл ойлари Ғарбий Европада метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр сифатида қайд этилди. Бу ҳақда 10-август куни Боннда жойлашган Европа Иттифоқининг Сопернисус иқлим ўзгариши хизмати маълум қилди.

Ғарбий Европада мисли кўрилмаган даражадаги жазирама кузатилди. Сопернисус маълумотларига кўра, июн ва июл ойларида минтақада ўртача ҳаво ҳарорати 21,62 даражани ташкил этган. Бу 1991–2020-йиллардаги июн ойи учун ўртача кўрсаткичдан 2,79 даража юқоридир.
Шу билан бирга, ёзнинг дастлабки икки ойида Шарқий Европа ва Скандинавияда ҳаво Ғарбий Европага нисбатан анча салқин бўлган. Сопернисус Ғарбий Европада баҳор охиридан бери давом этаётган иссиқ ҳаво тўлқинларининг ғайриоддий узоқ давом этаётганига ҳам эътибор қаратган. Май ойидан бошлаб минтақада тўрт марта кучли иссиқ тўлқини кузатилган. Мутахассисларга кўра, бундай ҳолат Ғарбий Европа учун ғайриоддий ҳисобланади.
Июл ойида қутбий минтақаларни ҳисобга олмаганда, Жаҳон океани суви ҳарорати ҳам рекорд кўрсаткичларга етган. КНА агентлиги маълумотларига кўра, бунга сабаб бўлаётган омиллардан бири Тинч океанининг тропик қисмида кузатилаётган “Эл-Нино” табиий ҳодисасидир. Прогнозларга кўра, ушбу жараён яқин ойларда янада кучайиши мумкин.
Атлантика океани ва Ўрта Ер денгизининг ғарбий қисмида ҳам кучли иссиқлик тўлқинлари кузатилган. Сув ҳароратининг кўтарилиши соҳилбўйи аҳоли пунктлари ва денгиз экотизимларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Июл ойида жанубий кенгликнинг 60-даражасидан шимолий кенгликнинг 60-даражасигача бўлган ҳудудларда денгиз юзасининг ўртача ҳарорати 20,96 даражани ташкил этган. Бу июл ойи учун 2023-йилда қайд этилган аввалги рекорд – 20,89 даражадан ҳам юқори кўрсаткичдир.
5-август куни Австрия ва Словакияда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ кун қайд этилди. Австриянинг ГеоСпҳере Аустриа миллий метеорология хизмати маълумотларига кўра, Қуйи Австрия федерал еридаги Бад-Дойч-Алтенбург шаҳарчасида кундузи ҳаво ҳарорати 41,2 даражагача кўтарилган. Словакия жанубида, Венгрия билан чегара яқинида жойлашган Каменица-Грон муниципалитетида эса шу куни ҳарорат 41,4 даражага етган. Бундан бир кун аввал, 4-августда Австрия пойтахти Венада ҳам ҳаво ҳарорати 41 даражага чиқиб, миллий рекорд янгиланган.
Австрияда давом этаётган экстремал иссиқлик ва қурғоқчилик одамлар ҳаёти ҳамда табиатга тобора жиддий таъсир кўрсатмоқда. Айрим аҳоли пунктларида сув танқислиги юзага келган. Дарёларда сув сатҳининг кескин пасайиши туфайли Дунай ва бошқа дарёларда кема қатнови қисман тўхтатилган. Миллий метеорология хизмати аҳолининг заиф қатламлари учун “экстремал иссиқлик стресси” юзага келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.
Шу тариқа, 2026-йил ёзининг дастлабки икки ойида Ғарбий Европада нафақат ҳаво ҳарорати бўйича тарихий кўрсаткичлар қайд этилди, балки океан сувларининг исиши, қурғоқчилик, дарёларда сув сатҳининг пасайиши ва сув танқислиги каби муаммолар ҳам кучайди.

