Франсуз тили ўқитувчиларига 1,3 млн евролик педагогик стипендия ажратилади

Франсуз тили ўқитувчиларига 1,3 миллион евро миқдорида педагогик стипендия ажратилиши режалаштирилмоқда. Франсиянинг Франкофония институти Ўзбекистонлик франсуз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш мақсадида грант тақдим этади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, институт билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу келишувга кўра, 2030-йилгача 1 410 нафар Ўзбекистонлик франсуз тили ўқитувчисининг малакаси оширилиши режалаштирилган. Дастур доирасида ҳар йили 300 нафаргача педагог иштирок этади. Устозларнинг 910 нафарига жами 1,3 миллион евро қийматида бепул педагогик стипендия берилади.
Томонлар Аллумер лес éтоилес дастури доирасида ҳам ўқитувчилар малакасини ошириш, тренерлар тайёрлаш ва Франсиядан чет тили мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишади.
Шунингдек, Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида Франкофония институтининг бюроси очилиши режалаштирилмоқда. Ушбу тузилма франсуз тили ўқитувчиларининг малакасини оширувчи минтақавий марказ сифатида фаолият юритади. Аввалроқ Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ мактабларга Санва компаниясининг таълим платформасидан бепул фойдаланиш имконияти берилиши ҳақида хабар берилган эди.

