Қорақалпоғистонда иссиқ туфайли боғчалар вақтинча ёпилади
Қорақалпог&лсқуо;истоннинг қатор ҳудудларида аномал иссиқ сабабли давлат ва хусусий болалар бог&лсқуо;чалари фаолияти вақтинча то&лсқуо;хтатилади.

Қорақалпоғистонда иссиқ сабабли болалар боғчалари вақтинча ёпилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистоннинг бир қатор шаҳар ва туманларида ҳаво ҳароратининг кескин ошиши кутилаётгани муносабати билан давлат ва хусусий болалар боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу қарор болалар саломатлигини аномал иссиқдан ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини вақтинча тўхтатиш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари хулосалари ва тавсиялари асосида амалга оширилмоқда.
Ҳокимлар қарорларига кўра, Нукус шаҳри ва Хўжайли туманида болалар боғчалари 13 июлдан 18 июлгача фаолият юритмайди. Амударё туманида эса уларнинг фаолияти 13 июлдан 15 июлгача тўхтатилади. Беруний, Тахтакўпир, Шуманай, Мўйноқ, Қанликўл ва Тўрткўл туманларида мактабгача таълим муассасалари 13 июлдан 17 июлгача ёпилади.
Вазирлик ота-оналарни болалар саломатлигига алоҳида эътибор беришга, куннинг энг иссиқ вақтларида уларнинг узоқ вақт ташқарида бўлишларига йўл қўймасликка ва зарур эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирди.
Аввалроқ Ўзгидромет 13–17 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига жуда иссиқ ҳаво массалари кириб келишини маълум қилган эди. Синоптиклар прогнозига кўра, айрим жойларда ҳаво ҳарорати +44…+46 даражагача кўтарилиши, шунингдек, айрим ҳудудларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин.

