Спорт

Фижилик регбичи Японияда иссиқ уриши оқибатида вафот этди

**Фижилик регбичи Японияда иссиқ уриши туфайли ҳаётдан кўз юмди**

Япониянинг "Кюсю" жамоасида ўйнаган фижилик регбичи Саймони Вунилаги иссиқ уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ал Жазеера нашри хабар берди.

26 ёшли спортчи жамоасининг навбатдаги машғулотларидан сўнг Фукуока шаҳридаги шифохонага оғир аҳволда ётқизилган эди. Маълум бўлишича, машғулот ўтказилган куни шаҳарда ҳаво ҳарорати 35 даража иссиқни ташкил этган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, спортчи 7-август, жума куни тонгда вафот этди.

Вунилаги Японияда университетни тамомлаган ва 2023-йилдан бошлаб профессионал фаолиятини бошлаган эди. "Кюсю" клуби матбуот хизмати ушбу йўқотиш сабабли марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Сўнгги ҳафталарда Японияда ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилиб, аномал иссиқ кузатилмоқда. Хусусан, 20—26-июл кунлари 18,6 мингга яқин киши иссиқ уриши оқибатида касалхонага тушган ва уларнинг 45 нафари вафот этган. Японияда ҳар йили ўртача 1300 киши иссиқ ҳаво қурбонига айланади. Экстремал иқлим шароити туфайли Японияда бир қатор маданий ва спорт тадбирларининг вақти ўзгартирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатдаги энг юқори ҳарорат (+41,8 даража) 2025-йилнинг 5-августида қайд этилган эди.

heatstrokeextreme weathersportsrugbyathlete deathfijihealthjapan