Маҳаллий

Электромобил хариди учун автокредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши мумкин

Ўзбекистонда электромобил сотиб олиш учун олинган автокредитларнинг фоиз тўловларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ҳақда ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, 2026-йил 1-августдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ошмайдиган қийматдаги электромобилларни бирламчи бозордан харид қилиш учун ажратилган автокредитларга компенсация берилади. Тижорат банклари томонидан 300 миллион сўмгача ажратилган кредитларнинг дастлабки икки йили давомида фоиз ставкасининг 16 фоиздан юқори, бироқ 8 фоиз банддан ошмайдиган қисми давлат томонидан қопланади.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, компенсациялар 2026-йилда республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. 2027–2030-йилларда эса бунинг учун зарур маблағларни давлат бюджети параметрларида назарда тутиш режалаштирилган.

Компенсация олиш учун фуқаро автокредит расмийлаштириш жараёнида банкка топширадиган аризасида ушбу имтиёздан фойдаланиш истагини алоҳида кўрсатиши керак бўлади. Банк кредит ва компенсация шартларига мувофиқликни ўрганиб, қарор қабул қилади.

Лойиҳада компенсация фақат кредитга лаёқатли деб топилган ва муддати ўтган кредит қарздорлиги мавжуд бўлмаган жисмоний шахсларга ажратилиши белгиланган. Шунингдек, кредит шартномасида компенсация миқдори алоҳида кўрсатилиши лозим.

Ҳужжатга кўра, қарз олувчи кетма-кет уч ой давомида кредит тўловларини амалга оширмаса, кредит муддатидан олдин тўлиқ ёпилса, кредит шартномаси бекор қилинса ёки тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар аниқланса, компенсация тўлаш тўхтатилади.

Аввалроқ президент фармони билан 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб электромобиллар хариди учун 16 фоизгача ставкада автокредитлар ажратиш тизимини жорий этиш режалаштирилганди. Ҳужжатда кредит фоизларининг ошган қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаш, дастлабки босқичда эса 15 мингта электромобил харидини имтиёзли шартларда молиялаштириш кўзда тутилган эди.

hukumat qaroriekologik transportelektromobildavlat subsidiyasio‘zbekistonavtokreditfoiz qoplamasikredit imtiyozlari