Бюджьетга юкламани камайтириш учун автобус чипталари нархини ошириш таклиф этилмоқда
Жамоат транспортида йўловчи оқими паст йўналишларни оптималлаштириш, йўлкирани иқтисодий асосланган даражага босқичма-босқич яқинлаштириш ва ташувчиларга тўланадиган маблағларнинг бир қисмини хизмат сифати кўрсаткичларига боғлаш орқали давлат бюджьетига тушаётган транспорт субсидиялари юкламасини камайтириш мумкин, деб ҳисоблайди Молия вазирлигининг Фискал таҳлиллар институти.

Бюджетга юкни камайтириш мақсадида автобус чипталари нархини ошириш таклиф қилинмоқда.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти давлат бюджети самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Институтнинг фикрича, давлат харажатларини бошқариш тўртта асосий тамойилга асосланиши лозим: доимий бюджет мажбуриятларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, давлат кўмагини ҳақиқий муҳтож қатламларга йўналтириш, инвестицион харажатлар улушини ошириш ҳамда маблағларни харажатнинг ўзига эмас, балки кўрсатилаётган хизмат ҳажми ва сифатига боғлаш.
2026-йилда давлат бюджетидан субсидия ва трансфертлар учун 52 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Шундан 28,6 триллион сўми иссиқлик таъминоти, ипотека, транспорт, нодавлат боғчалар, талабалар турар жойи ва таълим кредитлари каби йўналишларга субсидия сифатида йўналтирилган бўлса, қолган 23 триллион сўми Пенсия жамғармасига трансферт ҳисобланади. Институтнинг таъкидлашича, асосий муаммо субсидия ҳажмида эмас, балки унинг кимга, қандай мезон асосида ва қандай натижа учун берилаётганидадир. Шу боис субсидияларни манзилли, шаффоф ва натижага боғланган тизим асосида тақсимлаш таклиф қилинди.
**Минимал иш ҳақи**
Институт 2030-йилгача меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини босқичма-босқич медиан иш ҳақининг 40 фоизигача етказишни таклиф қилди. Дастлабки босқичда бу ёндашувни қурилиш, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида синов тариқасида жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, бюджет ташкилотларида энг кам иш ҳақини автоматик ҳисоб-китоб базаси сифатида қўллаш амалиётини қайта кўриб чиқиш ҳамда бунинг учун алоҳида ҳисоблаш миқдорини жорий этиш таклиф этилди. Бундан ташқари, минимал соатбай ва кунбай иш ҳақи ставкаларини белгилаш, айрим меҳнат низолари билан боғлиқ юкламаларни Бандликка кўмаклашиш жамғармасига ўтказиш орқали иш берувчилар таваккалчилиги камайтирилиши мумкинлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда даромад солиғини прогрессив шкалага ўтказиш таклиф этилди.
**Транспорт субсидиялари**
Институт жамоат транспортида ҳам субсидия ҳажмини эмас, балки хизмат натижасини молиялаштириш тамойилига ўтишни таклиф қилмоқда. Маълумотларга кўра, брутто-шартномалар учун йилига 1,9 триллион сўм бюджет маблағи сарфланади. Шундан 1,3 триллион сўми Тошкент жамоат транспортига йўналтирилади. Транспорт харажатларининг 65,1 фоизи субсидия ҳисобидан қопланмоқда. Шу боис йўловчи оқими паст бўлган йўналишларни оптималлаштириш, тарифларни иқтисодий асосланган даражага босқичма-босқич яқинлаштириш ҳамда ташувчиларга тўланадиган маблағларнинг бир қисмини хизмат сифати кўрсаткичларига боғлаш таклиф этилди.
**Таълим кредитлари**
Институт олий таълимни молиялаштириш тизимини ҳам қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Қайд этилишича, таълим кредитлари учун 2 триллион сўм ресурс ажратилган, 85 минг талаба кредит олмоқда ва уларнинг 84 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Кредит фоизларини қоплаш учун эса яна 830 миллиард сўм сарфланмоқда. Таклифга кўра:
* Таълим кредитлари бўйича фоизларни қоплаш учун ажратилаётган маблағларни босқичма-босқич камайтириш;
* Кредитларни фақатгина ҳақиқий муҳтож талабаларга ажратиш;
* Кредитларни қайтариш муддатини узайтириш ва фоиз ставкаларини пасайтириш.
Шунингдек, стипендияларни манзиллаштириш, уларнинг миқдорини минимал истеъмол харажатлари даражасигача ошириш, талабалар турар жойи субсидияларини сақлаб қолиш ва ҳақ тўланадиган стажировкаларни кенгайтириш таклиф қилинди. Магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари учун ажратилаётган 125 миллиард сўмлик қўллаб-қувватлашни сақлаб қолиш ҳам мақсадга мувофиқ экани билдирилди.
Ижтимоий нормадан ортиқ яшаш майдони учун иситиш тарифини 5 карра ошириш таклиф этилди.
**Пенсия тизими**
Маърузада пенсия тизимининг молиявий барқарорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 4 миллиондан ортиқ фуқаро пенсия олади. 2026-йилда Пенсия жамғармасига 23 триллион сўм тўғридан тўғри, яна 12 триллион сўм билвосита бюджет кўмаги ажратилади. Бироқ жамғарманинг ўз даромадлари пенсия харажатларини тўлиқ қоплай олмаяпти.
Институт суғурта бадаллари тўланмайдиган айрим даврлар учун пенсия харажатларини Пенсия жамғармаси эмас, балки тўғридан тўғри давлат бюджети ҳисобидан молиялаштиришни таклиф қилди. Шунингдек, расмий бандликни кенгайтириш, минимал суғурта стажини босқичма-босқич 7 йилдан 15 йилгача ошириш ҳамда пенсияни сўнгги 20 йиллик даромад асосида ҳисоблаш тизимига ўтиш таклиф этилди.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, қўшимча 1 миллион кишини расмий бандликка жалб қилиш давлат бюджетига йилига 3 триллион сўмгача қўшимча тушум олиб келиши мумкин. Бу маблағ эвазига 480 ўринли қарийб 100 та мактаб қуриш имконияти юзага келади.

