Эл Нино ҳодисаси 49 млн кишини оғир очарчиликка дучор қилади — БМТ

**БМТ: Эл-Нино ҳодисаси 49 миллион кишини оғир очарчиликка дучор қилиши мумкин**
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ВФП) 5-август куни маълум қилишича, кучли Эл-Нино об-ҳаво ҳодисаси 2027-йил охирига қадар дунёнинг энг заиф ҳудудларида қарийб 49 миллион кишини ўткир озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.
БМТ агентлигининг ҳисоботида қайд этилишича, жуда кучли Эл-Нино ҳодисасининг юз бериш эҳтимоли 81 фоизни ташкил этади. Уммон сатҳи ҳарорати камида 1982-йилдан бери энг юқори даражага етган бўлиб, бу ҳодиса 1950-йилдан бери энг кучлиси бўлиши мумкин.
Эл-Нино – бу Тинч океани сатҳи ҳароратининг даврий исиши бўлиб, у глобал об-ҳаво шароитларини ўзгартиради. Бу ҳодиса кўпинча Жанубий Африкада қурғоқчилик, Осиёнинг айрим қисмларида муссон ёмғирларининг кечикиши ва бошқа жойларда тартибсиз ёғингарчиликлар билан кузатилади.
ВФП Озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни таҳлил қилиш хизмати директори Жан-Мартен Бауернинг сўзларига кўра, "илгари бундай ҳодисалар оммавий очарчиликка олиб келган".
**Эл-Нинонинг салбий таъсири ва озиқ-овқат хавфсизлиги**
Эл-Нинонинг салбий таъсирига доир 45 та мамлакат таҳлилига кўра, ўткир озиқ-овқат танқислигига учраган одамлар сони деярли 49 миллионга кўпайиб, умумий ҳисобда 274 миллион кишига етиши мумкин. Бу инқироз даражасидаги озиқ-овқат танқислигини бошдан кечираётган аҳолига нисбатан 22 фоизлик ўсишдир.
Ҳисоботда айтилишича, Марказий Америка ва Жанубий Африка энг кўп зарар кўрадиган ҳудудлар сирасига киради. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўлмаган одамлар сони Марказий Америкада 83 фоизга, Жанубий Африкада эса қарийб 75 фоизга ошиши кутилмоқда. Жанубий Африка, шунингдек, Жанубий Америка ва Кариб денгизи ҳавзасида яна 12 миллиондан ортиқ киши ўткир озиқ-овқат танқислигига дучор бўлиши мумкин.
Бауернинг таъкидлашича, 2025-йилдаги мўл ҳосилдан сўнг дунёда озиқ-овқат бозори Эл-Нино даврига нисбатан барқарор ҳолатга кирган. Бироқ у Яқин Шарқдаги уруш ва об-ҳаво сабабли ҳосилнинг бой берилиши нархларнинг ошишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Унинг сўзларига кўра, ўтмишдаги Эл-Нино ҳодисалари озиқ-овқат нархларининг кескин ошишига олиб келмаган бўлса-да, ҳудудий танқислик ва юқори нархлар кам таъминланган оилаларнинг озиқ-овқатга бўлган имкониятини камайтириши мумкин.
2025-йилда АҚШ ва Европа донорлари томонидан молиялаштиришнинг қисқартирилиши ҳам ривожланаётган инқирозни кузатиш ишларига халақит бермоқда. Бауер Эл-Нино таъсирини баҳолаш учун керакли маълумотлар етишмаётганини айтди.
ВФП 2024-йилда тахминан 1,1 миллион уй хўжалигида сўров ўтказган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич қарийб 800 мингни ташкил этди. Молиявий чекловлар сабабли бу йил маълумотлар йиғиш янада камайди.
"Эл-Нино каби хавф мавжуд бўлганда тез-тез маълумот йиғиш жуда муҳим", деди Бауер.
**Эрта ҳаракат қилиш талаб этилади**
ВФПънинг таъкидлашича, амалдаги прогнозлар Шарқий Африканинг баъзи қисмларида, Саҳал, Марказий Америка ва Кариб денгизи ҳавзасида ёғингарчилик танқислигини кўрсатмоқда. Сомали ва унга қўшни ҳудудларда эса сув тошқини хавфи ортиши мумкин.
Ҳисоботда айтилишича, Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёда ҳам жиддий таъсирлар кутилмоқда. Бу ерда қурғоқчилик хавфи, кутилмаган муссонлар ва маҳаллий сув тошқинлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини издан чиқариши мумкин.
Агентлик прогнозлар ноаниқ бўлиб қолаётгани ва оқибатлар ҳудудлар бўйича фарқ қилишини таъкидлади. Шунингдек, ҳукуматлар ва ёрдам агентликлари тайёргарлик кўриши кераклигидан огоҳлантирди.
Аввалроқ Ёзда Марказий Осиёда кучли ёғингарчилик бўлиши ҳақида хабар берилганди.

