Эквадорда уйдан етти кишининг куйдирилган жасади топилди

Эквадорнинг жанубий қисмидаги Каняр провинсиясида жойлашган уйда етти кишининг куйган жасадлари топилди. Бу ҳақда СБС Невс мамлакат расмийларига таяниб хабар берди. Ҳудудда зўравонликлар кучайгани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Бир неча йил ичида Эквадор Жанубий Американинг энг хавфсиз давлатларидан бири бўлишдан кокаин контрабандаси марказига айланди. Мамлакат Мексика ва Колумбия картеллари билан боғлиқ бўлган жиноий гуруҳлар таъсиридан азият чекмоқда.
Полиция маълумотларига кўра, жасадлар 28-июл куни Ла-Тронкал шаҳарчасидаги уйда топилган. Марҳумлардан иккитасининг қўл-оёқлари сим билан боғланган бўлган. Уй ташқарисида эса ёниб кетган автомобил ҳам топилган. Қурбонлар 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахслардир. Ушбу зўравонлик жиноий гуруҳлар ўртасидаги ҳудуд талашиш низоси билан боғлиқ бўлиши мумкин.
**"Бўрилар фаол" ёзувлари**
Жасадлар топилган уй деворларига "Бўрилар замини" ва "Бўрилар фаол" деган ёзувлар битилган. Лос Лобос (испанчадан "бўрилар" дегани) Эквадордаги энг йирик наркотрафик ва товламачилик тўдаларидан бири бўлиб, халқаро картеллар билан алоқадор. 2025-йил сентабр ойида АҚШ бу гуруҳни террорчи ташкилот деб эълон қилган.
Июн ойида мамлакат жануби-ғарбидаги наркоконтрабанда марказида пластик халталарга солинган саккизта жасад топилган эди. Эквадор расмийлари воқеа жойидаги ёзувга таяниб, бу қурбонлар Лос Лобос ва унинг рақиби Лос Чонерос ўртасидаги уруш қурбони бўлганини билдирган.
28-июл куни қўшни провинсияда кончилар шаҳарчасининг собиқ мери қўлга олинди. Расмийлар уни Лос Лобос гуруҳининг асосий молиявий ҳомийси деб ҳисоблайди.
**Дунёдаги энг йирик кокаин йўлаги**
Дунёда энг кўп кокаин етиштирувчи мамлакатлар Колумбия ва Перудир. Улар ишлаб чиқарган гиёҳванд моддаларнинг қарийб 70 фоизи Эквадор орқали ташилади. 2025-йилда Эквадорда 9200 дан ортиқ одам зўравонлик қурбони бўлган, бу рекорд даражадаги кўрсаткичдир. Жиноий гуруҳлар нафақат наркотрафик, балки товламачилик, одам ўғирлаш ва ноқонуний олтин қазиб олиш билан ҳам шуғулланади.
Сўнгги зўравонликлар АҚШ кўмагида уюшган жиноятчиликка қарши ҳарбийлар рейди ўтказилаётган бир пайтда содир бўлди. 2026-йил бошида америкалик махсус кучлар эквадорлик ҳарбийлар билан биргаликда мамлакат қирғоқларидаги наркотеррорчи ташкилотнинг яширин марказини йўқ қилиш бўйича қўшма операция ўтказганди.
**Наркобарон АҚШга топширилган бўлса-да, зўравонлик тўхтамаяпти**
Мамлакатда жиноий тўдалар зўравонлиги ҳамон пасаймаяпти. 2024-йилда қатъий режимли қамоқхонадан қочган Эквадорнинг энг йирик наркобарони — Лос Чонерос раҳбари Адолфо Масиас (лақаби Фито) 2025-йил июнида қайта ушланган.
2025-йил июл ойида Эквадор ҳукумати Масиасни АҚШга экстрадиция қилди. У ерда наркобаронга гиёҳванд моддалар контрабандаси ва ўқотар қуроллар билан боғлиқ кўплаб айбловлар қўйилган.

