Эквадорда сохта полициячилар энг хавфли наркобароннинг акасини ўлдириб кетди

Эквадорда сохта полициячилар энг хавфли наркобароннинг акасини ўлдириб кетди
Эквадорда 12-июл куни полиция формасини кийган қуролли шахслар томонидан энг машҳур наркобароннинг акаси ўлдирилди. Полиция маълумотларига кўра, 35 ёшли Давид Масиас “Лос Чонерос” жиноий гуруҳининг ҳудудий етакчиси бўлган. Ушбу гуруҳга яқинда унинг укаси Адолфо раҳбарлик қилган. Бу ҳақда ББС хабар берди.
“Фито” тахаллуси билан танилган Адолфо Масиас 2025-йилда Эквадордан АҚШга экстрадиция қилинган эди ва ҳозирда АҚШда суд жараёнини кутмоқда. АҚШ ҳукумати “Лос Чонерос” гуруҳини хорижий террорчилик ташкилоти деб эълон қилган. Ушбу гуруҳ Эквадорда қотилликлар сонининг кескин ортишига сабаб бўлган асосий жиноий тўдалардан бири ҳисобланади.
Ҳужум қандай содир бўлди?
Расмийлар маълум қилишича, Давид Масиас маҳаллий вақт билан якшанба куни саҳарда ўлдирилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, полиция кийимидаги эркаклар Масиас Тинч океани соҳилидаги Олон шаҳарчасининг элита маҳалласида ижарага олинган уйга бостириб кирган. Ҳужумчилар воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳозирча ҳолат бўйича ҳеч ким ҳибсга олинмади. Жиноий гуруҳ етакчилари рақобатчи гуруҳлар ёки ўз гуруҳининг аъзолари томонидан ўзаро назорат учун кураш қурбонига айланиши одатий ҳол ҳисобланади.
Қурбон ҳақида нималар маълум?
Полиция маълумотларига кўра, Давид Масиас 2018-йилда жиноий тил бириктириш айблови бўйича ўз айбини тан олган. У қамоқда ўтирган вақтида ҳам маҳбусларни “Лос Чонерос” гуруҳига ёллаган ва ўзи сақланган қамоқхонани тўлиқ ўз гуруҳи назоратига ўтказишга муваффақ бўлган. Ушбу қотиллик “Лос Чонерос” гуруҳи учун навбатдаги оғир зарба бўлди. 2025-йилда гуруҳ раҳбари Адолфо Масиас, июн ойида эса уларнинг яна бир акаси Ҳавиер қўшни Колумбияда қўлга олинган эди.
Аввалроқ АҚШ Венесуелада ҳарбий операция ўтказиб, боши учун 5 миллион доллар тикилган наркобаронни ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. 12-июн куни президент Доналд Трамп Венесуелада хавфли “Трен де Арагуа” жиноий гуруҳи раҳбари Гектор Рустенфорд Герреро Флорес ўлдирилганини маълум қилган.

