“Бу — ижобий сигнал”. Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи атрофини очиқ жамоат боғига айлантириш ишлари бошланди (фото)
Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи атрофини жамоат боғига айлантириш ишлари бошланди: шу кунларда панжаралар олиб ташланяпти. Мутахассислар буни очиқ жамоат маконларини кўпайтиришдаги ъижобий сигналъ деб баҳоламоқда, шунингдек, бу билан чекланиб қолмасликка чақирмоқда. Газета репортажи.

**"Бу — ижобий сигнал". Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи атрофида очиқ жамоат боғи барпо этиш ишлари бошланди (фото)**
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1999-йилдан 2016-йилгача доимий иш жойи сифатида фойдаланган Оқсарой қароргоҳига туташ 37 гектар майдонда очиқ жамоат боғи яратиш ишлари бошланди. Газета мухбири ушбу жараённи ёритиб, мутахассисларнинг фикрларини ўрганди.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева июл ойининг охирида пойтахтдаги бир нечта боғни кўздан кечириб, уларни ободонлаштириш ва аҳоли учун қулайроқ қилишга қаратилган лойиҳалар билан танишган эди. Ўшанда у Оқсарой қароргоҳи атрофидаги ҳудуд барча учун очиқ бўлишини маълум қилган. Орадан ўн кун ўтиб, Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси атрофидаги баланд тўсиқлар олиб ташланиб, ободонлаштириш ишлари бошланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг Газетаъга хабар беришича, лойиҳа ҳудудни комплекс ободонлаштиришни, уни замонавий шаҳарсозлик талаблари ва аҳоли эҳтиёжларига мослаштиришни назарда тутади.
Хусусан, боғга киришни чеклаб турган тўсиқлар демонтаж қилиниб, уларнинг ўрнига қулай кириш йўлаклари ва ўзаро боғланган пиёдалар йўлаклари тармоғи барпо этилади. Ҳудудда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, болали оилалар ва болалар аравачасидаги ташриф буюрувчилар учун тўсиқсиз муҳит яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, яшил ҳудудларни сақлаб қолиш, сояли сайр йўлаклари ва сокин дам олиш масканларини барпо этишга ҳам эътибор қаратилади. Боғда замонавий ёритиш тизими, навигация ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш воситалари ўрнатилади.
Ҳокимликнинг маълумотига кўра, лойиҳа пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва марказий кўчалар ҳамда уларга туташ ҳудудларда қулай жамоат маконларини яратишга қаратилган кенг кўламли ишларнинг бир қисми ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Азизхон Шавкатовнинг маълум қилишича, ҳудудда қарийб 2 километр тўсиқларни демонтаж қилиш ишлари бошланган. Шу билан бирга, ташриф буюрувчилар учун қулай инфратузилма барпо этилади.
Унга кўра, боғнинг 10 гектар қисми келгусида тахминан 700 гектар майдонни қамраб оладиган Тошкентнинг "яшил йўналиши"га киритилади. Ушбу йўналиш Магис Ситй, "Анҳор-Локомотив" боғи, Экопарк, Мирзо Улуғбек номидаги марказий боғ, Абдулла Қодирий боғи, Ислом сивилизацияси маркази ва бошқа жамоат маконларини ўзаро боғлайди.
"„Яшил йўналиш“ деганда Тошкентдаги барча боғлар ўзаро боғланиб, одамлар биридан иккинчисига бемалол ўта оладиган ягона макон назарда тутилмоқда. Бу шаҳарни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурнинг бир қисми ҳисобланади", — дейди ҳоким ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, ҳудудда капитал қурилиш ишлари режалаштирилмаган. Боғда сайр йўлаклари ва дам олиш масканлари барпо этилиб, ўриндиқлар ўрнатилади, мавжуд йўлаклар асосида тротуарлар янгиланади. "Бирорта ҳам дарахт кесилмайди", — дейди Азизхон Шавкатов.
Урбанист Искандар Солиевнинг айтишича, Оқсарой қароргоҳи атрофидаги панжараларнинг олиб ташланиши ва ҳудуднинг жамоат учун очилиши Тошкентда очиқ жамоат маконларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.
"Бу — жуда яхши ишора. Жамоат жойларининг халққа очилиши ва панжараларнинг олиб ташланиши — аҳоли учун ижобий сигнал. Парк деганда фақат аттраксионлар эмас, балки одамлар тинч дам оладиган ҳудудлар ҳам бўлиши керак", — дейди у.
Солиевнинг таъкидлашича, шаҳарда парклар ва очиқ маконлар аҳоли эҳтиёжига нисбатан жуда кам, улар сони кўпайгани йўқ. Шу боис одамлар дам олиш кунлари шаҳар ташқарисига чиқишга мажбур бўлмоқда. "Пойтахтни янада яшиллаштириш, яшил ҳудудларни бир-бири билан боғлаш ва узун пиёда маршрутларини ташкил қилиш жуда яхши амалиёт", — дейди урбанист.
Искандар Солиевнинг сўзларига кўра, бу саъй-ҳаракатлар айнан Оқсарой ҳудудидан бошлангани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. У жамоат жойлари панжаралардан холи бўлиши кераклигини таъкидлади.
"Эсопарк, Марказий боғ ёки Миллий боғ — барчаси ҳар томондан кириб-чиқиш мумкин бўлган очиқ макон бўлиши керак. Одамлар паркдан нафақат дам олиш, балки шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш учун ҳам фойдаланади. Панжаралар эса уларга тўсқинлик қилади. Йўлда ҳам, сув бўйида ҳам панжара қўйиш ечим эмас", — дейди Искандар Солиев.
Унга кўра, Оқсарой боғига дастлаб ташриф буюрувчилар кўпайиши табиий, аммо бу Эсопарк ёки Япон боғи даражасидан ошиб кетмайди. Бундай вазият шаҳарда бундай жамоат ҳудудларига эҳтиёж юқори эканини кўрсатади.
"Оқсаройнинг тарихи ва контекстини одамларга яхшироқ тушунтириш керак. Икки асрлик тарихини кўрсатиш, тарихий стендлар, лавҳалар ёки кичик музей ташкил қилиш мумкин. Сторйтеллинг орқали ҳудуд ҳақидаги маълумотларни очиб бериш лозим", — дейди у.
Солиевнинг фикрича, бундай қарорлар бир марталик ташаббус бўлиб қолмаслиги учун бошқарув тизимида ҳам ўзгаришлар қилиниши зарур.
"Биринчи қадам — тизимдаги вертикалликни камайтириш. Ҳозир ҳамма юқоридан сигнал кутади. Горизонтал бошқарув бўлиши, одамлар ва мутахассислар қарорлар муҳокамасида иштирок этиши керак. Агар шу тизимни ўзгартирмасак, бундай нуқтавий ўзгаришлар билан яхши натижага эришиш қийин", — дейди урбанист.
Унинг таъкидлашича, ҳудуднинг келажакдаги функсиялари аҳоли, мутахассислар ва шаҳар ҳокимияти ўртасидаги муҳокамалар орқали белгиланиши керак. Шу билан бирга, у бундай ҳудудларни тижоратлаштиришга қарши эканини қайд этди.
"Акс ҳолда, бу ерга дўконлар, музқаймоқхоналар ва бошқа тижорий обьектлар кириб келади. Жамоат маконлари субсидияланадиган ҳудудлардир. Уларни сақлаш ва ривожлантириш шаҳар ҳокимиятининг энг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак", — дейди урбанист.
Солиевнинг сўзларига кўра, келгусида Мустақиллик майдони атрофини ҳам тўлиқ очиш лозим. "У ерда сояли дам олиш ҳудудларини ташкил қилиш мумкин. Тошкентда халқ учун очиш мумкин бўлган бундай ёпиқ ҳудудлар ҳали етарлича", — дейди Искандар Солиев.
Архитектор Шуҳрат Абдуллаев Оқсарой атрофидаги панжараларнинг олиб ташланиши ҳудудни янада очиқ ва жамоат учун мос маконга айлантириши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, панжара сақланиб қолса, мажмуа жиддийроқ ва маъмурий характер касб этарди.
Шуҳрат Абдуллаев бундай ўзгаришни ижобий маънода қабул қилганини айтаркан, ҳудуднинг ландшафти, боғлари ва музейлари ўзаро уйғунлаштирилса, Оқсарой аҳоли учун очиқ жамоат комплексига айланишини билдирди.
"Агар панжаралар олиб ташланган ҳудуд катта сайилгоҳга айлантирилса, одамлар бу ерда сайр қилиши, биринчи президент даври билан боғлиқ музейни яқиндан кўриши ва ҳудуд тарихини эслаши мумкин", — дейди архитектор.
Абдуллаев Оқсаройнинг қиймати унинг фақат ташқи кўриниши ёки архитектураси билан эмас, балки муайян тарихий давр ва у ерда фаолият юритган шахслар билан боғлиқлигида ҳам эканини таъкидлади.
"Архитектура фақат шакл эмас, ўша ерда фаолият юритган одамларга нисбатан ҳам ёдгорлик ҳисобланади. У биринчи давр ёдгорлиги ва биринчи президентнинг қароргоҳи сифатида кўрилади", — дейди Шуҳрат Абдуллаев.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси илмий-тадқиқот ва таълим маркази мудири Ваҳоб Қўқчоровнинг ёзишича, Оқсарой мажмуаси 9,6 гектарга яқин майдонни эгаллайди. 1997−1999-йилларда қурилган иншоот лойиҳаси Ислом Каримовнинг кўрсатма ва тавсиялари асосида меъморлар Азамат Тўхтаев ҳамда Рустам Шокиров томонидан тайёрланган.
Агроном, биология фанлари номзоди, Президент девонида 22 йил ишлаган Клара Вилданованинг сўзларига кўра, Ислом Каримов табиат ва ўсимликлар дунёсини жуда яхши кўрган. У билан қизиқиб турли саволлар берар, муайян масалалар бўйича маълумот сўрарди.
"Масалан, „Барглар нега сарғаяди ва ерга тушади?“ деган саволга дарҳол жавоб бера олмайсиз, шунчаки „Куз бўлгани учун“ деб айтиш ҳам ноқулай. Буларнинг барчасига илмий нуқтаи назардан жавоб бериш керак эди. Бирор-бир дарахтнинг гулламаслиги ёки нима сабабдан касалликка чалингани ҳақида ва, умуман, ҳамма нарса ҳақида сўрар, қизиқар эди. Баъзида „Нега каштан дарахти остида майса ўсмайди?“ дея савол бериб қолса, нима учун ўсмаётгани илмий жиҳатдан асослаб бериларди", — дейди Клара Вилданова.
Мақолада қайд этилишича, Ислом Каримов атроф-муҳит ва ҳаво тозалигини таъминлаш мақсадида Оқсарой боғида кичик бир қарағайзор ташкил қилдирган. Дарахтларнинг бир қанчасини шахсан ўзи эккан. У ерда олмахонлар ҳам яшайди.
Маълумот учун, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси 2017-йилда Оқсарой қароргоҳи ҳудудида ташкил этилган. Унинг таркибига музей, илмий-тадқиқот ва таълим маркази, кутубхона ҳамда конференсия зали киради.

