Маҳаллий

Бошпанасиз она–болаларни ўз бағрига олган “Она уйи” - марказ ҳақида ҳамма маълумотлар

Ўзбекистонда оғир вазиятга тушиб қолган оналарга ёрдам берувчи - “Она уйи” лойиҳаси бор. “Она уйи”  2024-йилда “Дом Мамй” халқаро жамғармасининг филиали сифатида Ўзбекистонда ҳам ўз фаолиятини бошлади ва шу пайтгача турли вилоятларда 9 та филиалини очди. Унга ҳомиладор аёллар ҳамда олти ёшгача фарзанди бўлган, оғир ҳаётий вазиятга тушган, 16 ёшдан 40 ёшгача бўлган оналар қабул қилинади. "Она уйи"

Бошпанасиз қолган она ва болаларга ёрдам берувчи "Она уйи" маркази ҳақида тўлиқ маълумотлар

"Она уйи" лойиҳаси Ўзбекистонда 2024-йилдан бошлаб "Дом Мамй" Халқаро жамғармаси филиали томонидан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан тузилган ҳамкорлик меморандуми асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа ижтимоий етимликнинг олдини олиш, болаларни ўз оиласида сақлаб қолиш ҳамда болали аёлларга қийин вазиятдан чиқиб, мустақил ҳаёт бошлашлари учун шароит яратишни мақсад қилган. Ҳозирда Ўзбекистонда 9 та "Она уйи" ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. Бу марказлар бир вақтнинг ўзида ўнлаб аёллар ва уларнинг фарзандларини хавфсиз бошпана билан таъминлаш имкониятига эга. Қабул қуввати эҳтиёжга қараб мослаштирилади. Аҳолиси зич ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар кўп бўлган ҳудудларда бундай марказларга талаб юқори. Бугунги кунда марказлар Тошкентда 2 та, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Чирчиқ, Қувасой, Нукус ва Термизда ишламоқда.

Лойиҳа ташкилотчиларининг маълумотига кўра, "Она уйи"га, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар ҳамда олти ёшгача фарзанди бўлган, оғир ҳаётий вазиятга тушган оналар (16–40 ёш) қабул қилинади. Асосий мезон – боланинг онасидан ажралиб қолиш хавфи мавжудлигидир.

Жойлар чекланган ҳолларда қуйидаги тоифадаги аёлларга устуворлик берилади:

* оилавий зўравонлик қурбонлари;

* бошпанасиз қолган аёллар;

* янги туғилган чақалоғи билан оғир вазиятга тушган оналар;

* ижтимоий етимлик хавфи мавжуд оилалар.

Ҳар бир мурожаат мутахассислар томонидан индивидуал тарзда баҳоланади.

Аёллар марказда одатда 6 ойгача яшайди. Зарурат туғилганда бу муддат узайтирилиши мумкин.

Ҳар бир аёл учун индивидуал реабилитация режаси ишлаб чиқилади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:

* ҳужжатларни тиклаш;

* психологик ёрдам;

* ҳуқуқий маслаҳат;

* касб-ҳунар ўргатиш;

* ишга жойлаштириш;

* болаларни боғчага жойлаштиришга кўмаклашиш ва мустақил яшашга тайёрлаш.

Аёллар орасида ҳужжациз бўлганлар ҳам учрайди. Бундай ҳолларда "Она уйи" мутахассислари давлат идоралари билан ҳамкорликда паспорт, ИД-карта, ПИНФЛ, туғилганлик гувоҳномаси ва бошқа зарур ҳужжатларни тиклаш бўйича ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатади.

"Она уйи" хизматларидан фойдаланаётган аёллар орасида вояга етмаган оналар ҳам бор.

Марказга 16 ёшдан бошлаб ҳомиладор ёки олти ёшгача фарзанди бўлган вояга етмаган оналар ҳам қабул қилиниши мумкин.

Бундай ҳолатларда улар билан ишлаш васийлик органлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Уларга хавфсиз яшаш жойи, психологик ёрдам, ҳуқуқий ҳимоя, таълимни давом эттириш ҳамда ота-оналик кўникмаларини ривожлантириш бўйича комплекс ёрдам кўрсатилади.

Кўпинча болалари давлат муассасасига (меҳрибонлик уйларига) топширилиш хавфи остида бўлган, оилавий зўравонлик, бошпанасиз қолиш, оғир моддий аҳвол, ҳомиладор ёки янги туғилган чақалоқ билан ёлғиз қолган аёллар ва яқинлари томонидан рад этилган оналар ушбу марказга қабул қилинади.

"Она уйи" томонидан бошпана, озиқ-овқат, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши натижасида болалар ўз оиласида қолмоқда.

Марказларга мурожаат қилаётган аёлларнинг асосий муаммолари – оилавий зўравонлик, бошпанасиз қолиш, ишсизлик ва иқтисодий қийинчилик, ҳужжатларнинг йўқлиги, қариндошлар томонидан қўллаб-қувватланмаслик ва ёлғиз оналик.

Кўпинча бу муаммолар бир вақтнинг ўзида учрайди.

"Она уйи" марказини тарк этган ҳар бир аёл билан ижтимоий кузатув ишлари давом эттирилади. Координаторлар мунтазам равишда улар билан алоқада бўлиб, яшаш шароити, иш билан бандлиги, фарзандларининг ҳолати ҳамда оилавий вазиятини кузатиб боради.

2024-йилдан буён лойиҳа доирасида ёрдам олган 200 дан ортиқ аёл ва уларнинг оиласида қолган 265 нафар боланинг тақдири мониторинг қилинмоқда. Бугунги кунда кўплаб аёллар мустақил ҳаётга қайтган, ишга жойлашган ёки қариндошлари билан ярашган. Энг муҳим натижа шундаки, уларнинг фарзандлари биологик оиласида қолмоқда ва ижтимоий етимликнинг олди олинмоқда.

Лойиҳа доирасида 43 нафар аёл иш билан таъминланган. Аёллар тикувчилик, савдо, умумий овқатланиш, ошпаз ёрдамчиси, гўзаллик салонлари, ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаси ва офис ишларига жойлаштирилган. Бундан ташқари, аёллар касб-ҳунар курсларида таҳсил олиб, ўз бизнесини бошлаш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Марказ фаолияти хусусий хайриячилар ва ҳамкорлар кўмагида амалга оширилади.

Шунингдек, фонд халқаро донорлар, тадбиркорлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тақиқланмаган бошқа манбалар билан ҳамкорликни ривожлантириб бормоқда. Фонд ҳамкорлик учун доимо очиқ.

27-июл куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида "Дом Мамй" Халқаро жамғармаси филиалининг Ўзбекистондаги тўққизинчи "Она уйи" ресурс маркази очилди. Унинг очилиши билан лойиҳа биринчи марта мамлакат жанубида фаолият бошлади – энди оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болали аёллар учун комплекс ёрдам ушбу ҳудудда ҳам мавжуд бўлди.

Термиздаги янги марказ ўз ёрдам олувчиларига вақтинчалик хавфсиз яшаш жойи, овқатланиш, психологик, юридик ва ижтимоий ёрдам, мутахассислар маслаҳатлари, шунингдек, зарур бўлганда ҳужжатларни тиклаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда кўмак беради.

uzbekistantermizchild protectionsocial supportona uyiwomen's sheltersocial orphanhood preventionvulnerable women