Лайфстайл

АҚШдаги ўзбек оилалари учун психологик платформа ишга туширилди

АҚШда истиқомат қилаётган ўзбек оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Мослашув маркази УСА ахборот-психологик платформаси ишга туширилди. Лойиҳа оилаларнинг янги муҳитга мослашувини енгиллаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва психологик қийинчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

АҚШда истиқомат қилувчи ўзбек оилаларига психологик ва ахборот кўмагини беришга қаратилган "Мослашув маркази УСА" номли янги платформа ишга туширилди.

Ушбу лойиҳанинг ташаббускори Огаё штатида яшовчи ватандошимиз, психология фанлари доктори, доцент ва амалиётчи психолог Абдурашид Турғуновдир.

Платформанинг асосий мақсади АҚШдаги ҳаётга мослашиш жараёнида ўзбек оилаларига амалий ёрдам кўрсатиш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги соғлом муносабатларни сақлаш, шунингдек, маиший ва оилавий низоларнинг олдини олишдан иборат.

Лойиҳа муаллифининг таъкидлашича, оилаларда юзага келадиган кўплаб муаммолар меҳр-муҳаббат ёки ўзаро ҳурмат етишмаслигидан эмас, балки самарали мулоқот қилиш, ҳис-туйғуларни бошқариш ва муаммоларни конструктив ҳал этиш кўникмаларининг етарли эмаслигидан келиб чиқади.

Платформада эр-хотинлар ўртасидаги мулоқот, ҳиссиётларни бошқариш, фарзанд тарбияси, оилавий низоларни ҳал этиш, миграциянинг оилавий муносабатларга таъсири ҳамда АҚШнинг оилавий қонунчилигига риоя қилишга бағишланган материаллар мунтазам эълон қилиб борилади.

Шунингдек, хорижга кўчиб ўтган ватандошларнинг янги жамиятга тезроқ мослашиши, оилада соғлом муҳитни сақлаши ва зарур психологик ёрдамга ўз вақтида мурожаат қилишига хизмат қиладиган амалий тавсиялар ҳам тақдим этилади.

Таъкидланишича, платформа фаолияти Ўзбекистоннинг Ню-Ёркдаги Бош консулхонаси томонидан ватандошларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва миллий оилавий қадриятларни асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан уйғун тарзда йўлга қўйилган. Шу мақсадда лойиҳа муаллифи Абдурашид Турғунов билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

usamigrationuzbek diasporapsychological supportfamily adaptationfamily counselingcultural integrationmental health