Сиёсат

АҚШдан Ўзбекистонга яна 18 киши депортация қилинди

АҚШдан Ўзбекистонга яна 18 нафар шахс депортация қилинди

АҚШ миграция қонунларини бузганлиги сабабли депортация қилинган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси махсус чартер рейси орқали Тошкентга етказилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълумот берди.

Хабарга кўра, ушбу фуқароларнинг ватанига қайтарилиши Ўзбекистон ва АҚШнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар натижасида амалга оширилган.

Жараён давомида депортация қилинган фуқароларнинг шахсини аниқлаш, зарур сафар ҳужжатларини расмийлаштириш, ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш ҳамда уларнинг хавфсиз қайтарилишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон хорижий давлатлар билан миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш, фуқароларнинг хориждаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда зарурат туғилганда уларни хавфсиз ватанига қайтариш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.

Июн ойининг бошида АҚШ миграция қонунчилигини бузганлиги учун депортация қилинган 24 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс орқали Тошкентга олиб келингани ҳақида хабар берилган эди.

АҚШдан учган чартер рейс 11-июн тонгида Тошкент халқаро аеропортига қўнган. Ватандошларнинг қайтарилиши Ўзбекистон ва АҚШнинг ваколатли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.

uzbekistandeportationinternational cooperationusarepatriationmigrationcharter flightillegal immigration