Дунё

АҚШда қурол тақчиллиги, Кореяда массаж можароси – ҳафта дайжьести

Ҳафта давомида АҚШда қурол тақчиллиги юзага келгани маълум бўлди, Украина ва Россияда тинч аҳоли уруш қурбонига айланишда давом этди, Жанубий Кореяда мисли кўрилмаган можаро авж олди. Корейслар ЖЧ саралашида ишлаган хорижлик ҳакамлар учун массаж хизматлари ташкил қилиб бергани аниқланди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда ёдга оламиз.

АҚШда қурол танқислиги, Кореяда массаж можароси – ҳафтанинг муҳим воқеалари

Ўтган ҳафта давомида Қўшма Штатларда қурол-яроғ тақчиллиги юзага келгани маълум бўлди, Украина ва Россияда тинч аҳоли уруш қурбонига айланишда давом этди, Жанубий Кореяда эса мисли кўрилмаган можаро авж олди. Кореяликлар Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида ишлаган хорижлик ҳакамлар учун массаж хизматлари ташкил қилиб бергани аниқланди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда ёдга оламиз.

**Америкада қурол тугаяпти**

Дунёдаги энг кучли ҳарбий қудратга эга бўлган Америкада қурол-яроғ захираси жиддий камайган ва ҳатто ракета тақчиллиги юзага келган. Бу ҳақда Америка нашрлари ҳарбий мулозимларга таяниб хабар берди. Журналистларнинг аниқлашича, Америка ҳарбийлари асосий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун захирадаги ракеталарнинг 80 фоизини ишлатиб бўлган. Омборларда хавфли даражада кам ракета қолган. Трамп Кемп-Девиддаги вазирлар маҳкамаси йиғилишида ўқдори тақчиллиги бўйича Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетдан ҳисобот сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Трамп Эронга "иккинчи жаҳон уруши давридан буён энг йирик зарбалар" ваъда қилган, кейинроқ гўёки "дипломатияга имкон бериш учун" буйруқни бекор қилганди. Аслида гап дипломатияда эмас, Америка армиясида ракета тақчиллиги юзага келганида экан. Масалан, ҳозир америкаликларда Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракета тақчиллиги мавжуд. Бу 155 ммли снаряд эмас, уни бир пасда ишлаб чиқариб, омборни тўлдириб қўйишса. Бу дефицитни бартараф этиш йиллаб вақт талаб қилади.

Трамп ўқдори етишмовчилигининг бош айбдори сифатида табиийки Жо Байденни кўрсатди. Кемп-Девиддаги йиғилишда эса президент Пентагон раҳбари Ҳегсетни, уруш вазири ўз навбатида ўз ёрдамчисини айблаган. Қолганини тасаввур қилиш қийин эмас, ўринбосар ўз ўринбосарини, у ҳам ўз ёрдамчисини айблаган, охир-оқибат айбдор ракета омборининг қоровули бўлиб чиқса ҳам, ажаб эмас.

Лекин қурол омборлари нега бўшаб қолгани тушунарли. Трамп Исроил манфаати учун Эронга қарши уруш очди, мамлакат амалда ярим йилдан бери уруш ҳолатида. Эронга кам ракета отилди дейсизми, бунга жавобан форслар ҳам Америка базаларини нишонга олди, бу ракеталарни қайтариш учун мудофаа ракеталари керак.

Уруш ана шунақа нарса, Америкадек давлатларнинг омборларини бўшатиб қўяди. Ва энг қизиғи, Америка Исроил деган иттифоқчиси учун уруш бошлаб ҳеч қандай фойда кўрмади, зарар кетидан зарар. Қайтанга "шунча катта Америка бир бурда Исроил йўриғига юраркан" деган гап орттириб олди. Урушда Америка омборлари бўшаб қолгани Эронга қанақа обрў олиб беришини тасаввур қилаверинг.

**Европада қурғоқчилик**

Бу йилги ёз Европа учун оғир келди. Англияни энди "туманли албион" демасак ҳам бўлар, бир ой давомида Лондонда бирор марта ҳам ёмғир ёғмади. Бунақаси 155-йиллик кузатувлар тарихида биринчи марта бўляпти. Британиялик фермерлар қуруқ ёз сабаб озиқ-овқат тақчиллиги юзага келишидан огоҳлантирган.

Дунай атрофидаги давлатлар, хусусан, Можаристонга энергетик инқироз хавф солмоқда. Европада ирригация билан боғлиқ муаммо сабаб деҳқонлар ҳосил яхши бўлишидан умид қилмаяпти. Кемада ташиладиган маҳсулотлар манзилига кеч етиб бориб, нарх ошишига сабаб бўляпти. Круиз рейслари бекор қилиниши туризмга ҳам таъсир қилган. Германияда Рейн дарёси сатҳи кузатувлар тарихидаги энг паст даражага тушиб кетди.

Сув етарли эмаслиги сабаб АЕСларни совутиш билан боғлиқ муаммо юзага келган. Шу сабаб стансиялар иш ҳажмини қисқартиришга тўғри келган. Руминияда "Чернаводе" АЕСга сув ўтиши учун Дунайда режалаштирилган портлаш амалга оширилди. Иккита автомобил заводи электр энергиясига эҳтиёжни камайтириш учун 19-августгача ишламай туришини эълон қилди.

Албатта, қурғоқчилик ёмон нарса, Европа учун оғир дамлар бўляпти, лекин мен қитъадагилар бу табиат синовига қандай реаксия қилганига эътибор қаратмоқчиман. Ҳамма тармоқ ўз фаолиятидан келиб чиқиб жазирамага, қурғоқчиликка қарши нимадир қилишга уринмоқда, оғзини очиб ўтиргани йўқ...

**Москвада теракт**

Ўтган ҳафта Москвада катта эҳтимол Украина хавфсизлик хизмати томонидан навбатдаги ҳарбий мулозимни ўлдиришга уриниш содир этилганди. Балзи Росси деган ресторан яқинида портлаш содир бўлиб, камида уч киши ҳалок бўлган. Ўша пайт ресторанда ёпиқ зиёфат ўтказилаётган эди.

ОАВга кўра, ресторанда Россия ҳарбий космик кучлари бош қўмондони Александр Чайконинг туғилган куни нишонланаётган бўлган. Тадбир иштирокчиларидан бири олган суратда саҳнада "Александр 55" ёзувини кўриш мумкин. Теракт натижасида генерал-полковник Чайко омон қолган. Ўлганлардан бири Чайконинг куёви, яна бири бошқа бир генерал бўлгани айтилмоқда.

Россиялик генералларга бу тарзда суиқасд қилиниши янгилик эмас, Чайко суиқасдга учраган Россия ҳарбий раҳбариятидаги энг катта одамлардан бири бўлди. Россиялик мустақил журналистларнинг аниқлашича, бундай ҳужумлар фонида россиялик ҳарбийларга хавфсизлик учун ҳаракат йўналишини, телефонларини, ҳатто ташқи кўринишини ўзгартириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Бундай ҳужумлар фронтда ҳеч нимани ўзгартирмаслиги мумкин, лекин руҳий жиҳатдан ҳарбийларга салбий таъсир қилиши аниқ. Аввалроқ Украина томони "Россияни тинчликка ундаш 40 кунлик операциялари" якунлангани ҳақида ҳисобот берган, Зеленский Россияга янги ҳужумлар бўйича буйруқ берганини айтганди.

**Дрон одамлар устига қулади**

Россия – Украина уруши борган сари окоплардан шаҳарларга кўчмоқда. Фронт шунчалик музлаганки, хабарлар лентасида бу ҳақда нимадир топиш қийин. Уруш деганда Киев ёки Москвага зарба берилгани, турар жой бинолари ҳужумга учрагани, тинч аҳоли ўлгани, генералларга суиқасд қилингани каби хабарларни ўқишга одатландик.

Россиянинг Геленжик деган жойи ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бу давлат ҳақида хабарларга бефарқ бўлмаганлар Геленжикда нима борлигини ҳам яхши билади. Хуллас, ана шу шаҳар яқинидаги соҳилда чўмилаётган одамлар устига украин дрони қулади. Камида етти киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди.

Украинада эса Россия баллистик зарбаси оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлди. Уларнинг беш нафари бир оила вакиллари эди. Бутун Украина эр-хотин Вороновлар ва уч фарзанди учун аза тутди. Херсонда россиялик дрон оператори сабзавот сотувчини мазах қилиб ўлдиришга уриниши украинларни ларзага келтирди. Хуллас, уруш ҳар икки томонда борган сари кўпроқ тинч аҳоли вакилларини ўлдирмоқда.

**Жанубий Кореяда ҳакамлар можароси**

Ҳафтанинг энг шов-шувли можароси Жанубий Кореяда кузатилди. Маҳаллий журналистлар суриштирув ўтказиб, ўн йиллар олдинги қатор қинғирликларни аниқлади. Маълум бўлишича, Жанубий Корея футбол иттифоқи 2012-йилги Олимпиада ва 2014-йилги ЖЧ саралаш ўйинларида мезбон Кореянинг ўйинларида ишлаган ҳакамлар мезбонлар фойдасига қарор қабул қилиши учун уларга массаж хизматлари ташкил қилиб берган.

Айнан саралаш ўйинлари ўтказилган вақтда Кореядаги массаж салонларига футбол иттифоқи ҳисобидан пул ўтказиб берилган. Суриштирувда бу ҳакамлар Баҳрайн, БАА, Япония ва Ўзбекистондан бўлгани айтилади, лекин исмлар келтирилмаган. Шунингдек, бу ҳакамлар айнан қайси эпизодларда Корея фойдасига қарор чиқаргани ҳам номаълум.

Жанубий Корея футбол иттифоқи тезда воқеага муносабат билдириб, ўн йиллар олдинги ҳодисалар юзасидан узр сўраб чиқди. Иттифоқ баёнотида айтилишича, "бу воқеалардан аксар ходимларнинг ҳам хабари бўлмаган". Шунингдек, "бу воқеалар кореялик футболчилар маҳоратига соя солмаслиги" қўшимча қилинган.

Жанубий Корея миллий жамоаси 2026-йилги жаҳон чемпионатида гуруҳда қолиб кетгани мамлакатда жуда ёмон қаршиланди. Футболга масъул одамлар, ташкилотлар устидан тергов бошланди. Собиқ мулозимлар, мураббийлар парламентда сўроқ қилинди. Хуллас, Корея футболидаги барча муаммолар ҳукумат даражасида текширилди. Натижада мана шундай халқаро можарога айланиши мумкин бўлган тафсилотлар юзага чиқди.

Шу ўринда 2014-йилги ЖЧ ҳал қилувчи саралаш босқичи энг охирги ўйинида Жанубий Корея ўз майдонида худди Ўзбекистоннинг устидан кулгандек Эронга енгилиб, бизни гуруҳда қолдириб кетгани эсга келади. Ўша ўйинда Эроннинг ғалабасидан бошқа исталган ссенарий бизни ЖЧга олиб чиққан бўларди.

us arms shortageeurope droughtmoscow terrorist attacksouth korea football scandalreferee massage servicesmilitary leadership assassination attemptrussia-ukraine warcivilian casualties