Маҳаллий

Андижонда қизларни Туркияга фоҳишаликка сотмоқчи бўлган аёллар ушланди

Андижонда аёллар қизларни Туркияга фоҳишаликка юборишга уринганликда гумонланиб қўлга олинди.

Андижон вилоятида икки нафар аёл икки қизни фоҳишалик билан шуғулланиш учун Туркияга жўнатишга уринаётган вақтда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида Андижон вилояти ИИБ тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан одам савдоси билан боғлиқ жиноят фош этилган.

1998 ва 1995-йилларда туғилган икки аёл 2002 ва 1994-йилларда туғилган қизларни алдаб, уларнинг йўл ва бошқа харажатларини қоплашни ваъда қилган. Уларнинг мақсади қизларни Туркияга олиб бориб, фоҳишаликка жалб қилиш бўлган.

Гумонланувчилар жабрланувчиларни Тошкент халқаро аеропорти орқали Туркияга олиб чиқиб кетишни режалаштирган, бироқ улар Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ҳудудида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёлик аёлни фоҳишаликка юбормоқчи бўлган Туркия фуқароси 3 йилга қамалган эди. Бошқа бир вазиятда эса Наманганда аёлларни 200 доллар эвазига Дубайга фоҳишаликка жўнатаётган шахс қўлга олинган.

uzbekistanturkeyhuman traffickingprostitutioncriminal investigationandijanarrestslaw enforcement