Андижонда бир гуруҳ аёллар 5 суткадан қамалди

Андижонда бир гуруҳ аёллар 5 суткага қамалди
Андижон шаҳрида кўп қаватли уй ҳудудида жанжаллашган етти нафар аёлга беш суткадан маъмурий қамоқ жазоси берилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, 30-июл куни соат 12:30 атрофида кўп қаватли уй ҳудудида бир гуруҳ аёллар ўртасида жанжал юзасидан 102 рақами орқали ички ишлар органларига мурожаат келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган ички ишлар ходимлари фуқароларнинг жамоат тартибини қўпол равишда бузиб, ўзаро бақир-чақир қилиб жанжаллашаётганини ҳамда атрофдаги фуқароларнинг осойишталигини бузганини аниқлаган.
Шундан сўнг, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида улар ички ишлар биносига олиб келинган. Бироқ, бу ерда ҳам айрим фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзаро ҳақоратли ва уятли сўзлар билан жанжални давом эттирган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, аёллар ўртасидаги жанжалнинг келиб чиқишига ижтимоий тармоқ, Инстаграм орқали бошланган ўзаро ҳақоратлар сабаб бўлган. Фуқароларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-моддасида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг қарорига кўра, мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этган етти нафар аёл айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан беш суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 23-июл куни Самарқандда уч киши 35 ёшли эркакни "самосуд" қилгани ҳақида хабар берилган эди. 35 ёшли эркак 52 ёшли қўшниси билан ўзаро тортишиб қолиб, ўрталарида жанжал келиб чиққан. Мазкур жанжалга қўшнисининг ўғли ҳамда икки нафар таниши аралашиб, уни уриб, тепиб, тан жароҳати етказган.

