Маҳаллий

Зўравонликдан жабрланган аёлларга энди давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади

Зўравонликдан жабрланган аёлларга энди давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади

Ўзбекистонда тазьиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам берилиши белгиланди.

Президент имзолаган қонунга кўра, “Хотин-қизларни тазьиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган тазьиқ ва зўравонлик содир этилгани сабабли суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга мурожаат қилган жабрланувчилар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тазьиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига қуйидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади:

алиментларни ундириш ҳақидаги;

болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатларни ундириш тўғрисидаги;

уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги;

оталикни белгилаш ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги;

боланинг яшаш жойини белгилаш ҳақидаги;

бола билан кўришиш тартибини белгилаш тўғрисидаги;

никоҳдан ажратиш ҳақидаги;

мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги;

мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги;

мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги;

ишга тиклаш ҳақидаги;

иш ҳақини ундириш тўғрисидаги.

Қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари тегишинча никоҳ тузилгани тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилиниши ҳам белгиланди.

Ўзбекистонда тазьиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга 6 ойгача муддатга жойлаштирилиши мумкин. Тазьиқ ва зўравонликдан жабрланувчини махсус марказга жойлаштириш ҳамда ундан чиқариш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ушбу қонун март ойида “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазьиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида” президент фармони имзоланганди. Унда зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар телефонига 2026-йил 1-апрелдан бошлаб СОС иловасини ўрнатиш йўлга қўйилиши белгиланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.