Маҳаллий

Зироат Мирзиёева оғир хасталикка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ раиси бўлди

Ўзбекистон биринчи хоними саратонни ўз ичига олган оғир ва ҳаётга хавф солувчи касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ раиси этиб икки йил муддатга сайланди. Тармоқ ташкил этилгани ҳақида Самарқандда ўтказилган Болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон саммитида эълон қилинди.

Зироат Мирзиёева оғир хасталикка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ раиси этиб сайланди

Самарқандда Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева ташаббуси билан ташкил этилган «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланиши томон йўл» номли Бутунжаҳон саммити бошланди. Форумда турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари, шунингдек, БМТ, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этмоқда.

Оғир хасталикларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ ташкил этилгани ҳақида «St. Jude» болалар тадқиқот шифохонаси (АҚШ) вице-президенти Карлос Родригес-Галиндо маълум қилди.

Қайд этилишича, Глобал тармоқ оғир ва ҳаёт учун хавфли хасталикларга, жумладан онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш манфаатлари йўлида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун биринчи хонимлар ва давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради.

Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева икки йил муддатга Глобал тармоқ раиси этиб сайланди. Лавозимга киришиш маросими Болалар онкологияси бўйича Халқаро конгресс доирасида бўлиб ўтди.

Бу қарор Ўзбекистоннинг болалар онкологияси хизматини ривожлантиришдаги ютуқлари, шунингдек, Зироат Мирзиёеванинг онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланишини таъминлаш ҳамда ҳаёт шароитларидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ўсиши ва ривожланиши учун шароитлар яратишдаги фаол ва етакчи роли эътироф этилганининг ифодаси бўлгани таъкидланмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.