Маҳаллий

Шавкат Мирзиёев Жаҳон божхона ташкилоти бош котибини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Жаҳон божхона ташкилоти бош котибини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 7-сентябр куни Тошкентда еттинчи Глобал кинология форумида иштирок этиш доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Ян Сондерсни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона органларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ташкилот кўмагида Ўзбекистон савдони енгиллаштириш соҳасидаги қатор халқаро конвенсияларга қўшилгани, замонавий божхона назорати механизмлари жорий этилиб, Божхона хизмати фаолиятини 2030-йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани қайд этилди.

Учрашувда божхона тартиб-таомилларини янада рақамлаштириш ва уйғунлаштириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёрлаш доирасида ушбу масалаларнинг долзарблиги таъкидланди.

Якунда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Шу куни давлат раҳбари Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бощилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегациясини қабул қилди. Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ҳамда амалий шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Тошкентда 7—9-сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Жаҳон божхона ташкилотининг 7-Глобал кинология форуми душанба куни ўз ишини бошлади. Дастлабки муҳокамаларда Жаҳон божхона ташкилоти ва Миллий кинология маркази экспертлари томонидан минтақавий кинология ўқув марказларини аккредитация қилиш стандартлари, синтетик наркотик моддаларни аниқлаш, хизмат итларини тайёрлашнинг замонавий усуллари ҳамда кинология бўлинмаларининг турли операцион шароитларда самарали фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.