Зироат Мирзиёева жаҳон ҳамжамиятини болалар онкологиясига қарши курашда бирлашишга чақирди

Зироат Мирзиёева жаҳон ҳамжамиятини болалар онкологиясига қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақирди
Биринчи хоним Зироат Мирзиёева халқаро ҳамжамият, ҳукуматлар ва илмий ташкилотларга онкологик касалликларга чалинган болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш йўлида ҳамкорликда ишлаш даъвати билан мурожаат қилди. У ушбу баёнотни Самарқандда ўтказилаётган Болалар онкологияси бўйича II Халқаро конгрессда илгари сурди.
"Касалликлар ва азоб-уқубатлар сиёсий чегараларни, миллатни ёки даромад даражасини тан олмайди. Келинг, фаровон келажак йўлида бирлашайлик, токи бирор бир бола ва бирор бир оила ўз дард-алами билан ёлғиз қолмасин", – деди Зироат Мирзиёева.
"Соғайишдан фаровонлик сари" конгресси "Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли ривожланиш йўли" Жаҳон саммити доирасида ўтказилмоқда. Анжуман ишида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия соғлиқни сақлаш органлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, халқаро профессионал бирлашмалар, хорижий клиникалар ва илмий ҳамжамият вакиллари иштирок этмоқда.
Dастурнинг алоҳида қисми "Меҳрли Мактаб" ўқувчиларининг чиқиши бўлди. Улар ўзларининг шахсий ҳикояларини сўзлаб бериб, даволаниш тажрибаси ва келажакка бўлган умидлари билан ўртоқлашдилар.
Халқаро конгресс болалар онкологияси масалалари, даволаш натижалари ва болалар соғайгандан сўнг уларнинг ҳаёт сифатини оширишга бағишланган.

