Дунё

“Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак” — Саида Мирзиёева

“Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак” — Саида Мирзиёева

БМТ Бош Ассамблеясининг йиллик сессиясида Ўзбекистон номидан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева олий минбардан нутқ сўзлади. У чиқишида бугунги глобаллашув ва мураккаб шароитда инсоният юзлашаётган долзарб муаммолар, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг инсон қадрига йўналтирилган устувор жиҳатларига алоҳида тўхталди.

Саида Мирзиёева, жумладан, бугун инсоният осон даврда яшамаётганини, дунёда урушлар давом этаётгани, геосиёсий зиддиятлар кескинлашиб бораётгани, ишонч муҳити заифлашаётгани ва тенгсизлик кучаяётганини таъкидлади.

“Бу борада Ўзбекистон ўз етакчиси, президент Шавкат Мирзиёев бощилигида ўз танловини қилган. Бу очиқлик танлови, қўшнилар билан яхши муносабатлар танлови, дунё билан мулоқот танлови. Очиқлик заифлик эмас, аксинча, тинчлик учун ҳаракат қилиш, келажак олдида масъулиятни зиммага олишдир”.

У дунёда давлатлардан қайси томонда эканлиги сўралаётганини эслатиб, Ўзбекистоннинг жавоби аниқ эканини, мамлакат инсоният ҳамда ўз келажагини ўзи белгилашни истаган ёшлар томонида эканини урғулади. Давлат қудрати фақат иқтисодий ёки ҳарбий салоҳият билан эмас, аввало инсон қадрини қай даражада ҳимоя қила олиши билан ўлчанишини қайд этган Саида Мирзиёева тинчлик, тараққиёт ва инсон қадрини бир бутун вазифа деб билишларини билдирди.

Шунингдек, у бугун энг қудратли давлатлар ҳам глобал муаммоларни ёлғиз ҳал қила олмаслигини, таҳдидлар эса чегараларда тўхтаб қолмаслигини айтиб, БМТнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортганига эътибор қаратди:

“Бизга фақат қарор қабул қиладиган эмас, қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак”.

Ўзбекистон “БМТ-80” ташаббусини қўллаб-қувватлаши, Хавфсизлик Кенгаши таркибини кенгайтириш тарафдори экани билдирилар экан, мамлакат келгуси йилда Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қилиши ва 2035–2036-йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзодини илгари сургани маълум қилинди. Иштирокчилардан қўллаб-қувватлаш сўралиб, халқаро ҳуқуқ манфаатга қараб ўзгарадиган восита эмаслиги, қоида умумий бўлмаса, адолат ҳам бўлмаслиги қатъий таъкидланди.

Минтақавий масалаларга тўхталар экан, яқин-яқингача Марказий Осиё зиддиятлар фонида тилга олинганини, бироқ Президент ташаббуси ва сиёсий ирода туфайли вазият тубдан ўзгаргани, давлатлар бир-бирига рақиб эмас, шерик сифатида қарай бошлаганини билдирди. Афғонистон масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, унга фақат хавф манбайи сифатида қараш ёки халқни муаммолари билан ёлғиз қолдириш ечим эмаслигини, уларга тинч ҳаётга эришиш учун ишонч берилиши зарурлигини айтди.

Саида Мирзиёева Ўзбекистон ислоҳотларининг марказида инсонлар ҳаёти яхшиланаяптими деган мезон турганини таъкидлади.

“Сўнгги 10 йилда аҳолимизнинг харид қобилияти икки баробар ошди. Иқтисодиётимиз ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етди. 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинди. Экспорт қарийб уч баробар ўсди. Камбағаллик даражаси 4% га тушиб, қарийб 10 миллион нафар одам камбағалликдан чиқарилди. Мактабгача таълим қамрови 27% дан 78% га ошди. Олий таълим қамрови 9% дан 45% га етди. Ўртача умр кўриш давомийлиги 66 ёшдан 75 ёшдан зиёдга ошди. Оналар ва гўдаклар ўлими тўрт баробар камайди”, деди президент администрацияси раҳбари.

Маърузада бола масаласи давлатнинг энг катта масъулияти экани алоҳида урғуланиб, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан демографик барқарорлик бўйича мулоқот ўтказилиши ҳамда октябр ойида Самарқандда болалар фаровонлиги ва саломатлиги масаласи атрофида халқаро ҳамжамият бирлаштирилиши маълум қилинди.

Орол денгизи фожиаси ҳақида сўз юритар экан, Саида Мирзиёева бу табиатга нисбатан адолациз муносабат оқибати эканини, Янги Ўзбекистон қуриган денгиз тубида яшил ҳудудлар барпо этаётганини, сув тежовчи технологияларни жорий қилаётганини, 2030-йилгача қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилганини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027–2036-йилларни ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш ҳаракатлари ўн йиллиги деб эълон қилгани эслатиб ўтилди.

Сунъий интеллект ва рақамли трансформация масаласига тўхталиб, технологик тараққиёт марказида инсон ва унинг тақдири туриши шартлиги таъкидланди.

Сунъий интеллект ва рақамли трансформация инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик, тенг имконият ҳамда жавобгарликдан ажралмаслиги лозим. Технологик тараққиёт инсонни қарам қилишга эмас, аксинча, ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши керак. Ўзбекистон бу борада халқаро мулоқотни кучайтириш тарафдори, деди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида Тошкент халқаро молия марказида инглиз ҳуқуқи принсипларига асосланган алоҳида халқаро тижорат суди ташкил этилаётгани, болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, оиладаги зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилгани, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш тизими яратилгани ва бугун парламент аъзоларининг 39 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши маълум қилинди.

Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом сивилизацияси маркази барпо этилгани, у шунчаки ўтмишни намойиш этадиган жой эмас, балки илм, тафаккур ва маърифат макони экани таъкидланиб, Ўзбекистон маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни, бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро ҳамкорликни изчил давом эттириши билдирилди.

Нутқ якунида Саида Мирзиёева барчанинг мақсади инсон қадри устувор бўлган дунёда яшаш ва фарзандларга яхшироқ келажак қолдириш эканини таъкидлади:

“Биз фарзандларимизга ҳозиргидан кўра яхшироқ дунё қолдиришни истаймиз. Инсон қадри юксак бўлган дунё. Аммо келажак бизни имкониятларимиз билан эмас, улардан қандай фойдаланганимиз билан баҳоланади. Ўзбекистон халқи ва президенти тинчлик, бирдамлик, ишонч ва инсон қадри устувор бўлган дунё барпо этилишига ўз ҳиссасини қўшишига тайёр”, деди Президент администрацияси раҳбари.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.