Зеленский Путинга Маямида учрашишни таклиф этди

**Зеленский Путинга Маямида учрашишни таклиф қилди**
Украина президенти Владимир Зеленский, агар Россия етакчиси ҳам қатнашса, декабр ойига режалаштирилган Г20 саммити доирасида Владимир Путин билан Маямида учрашишга тайёр эканини айтди.
“Ҳа, албатта. Биз учрашишимиз, гаплашишимиз ва қарорлар қабул қилишимиз зарур. Гап сўзларда эмас. Мен унга нима дейишим ёки у менга нима демоқчилиги муҳим эмас. Фақат натижа муҳим. Бўлди”, деди у 11-сентябр куни Канаданинг “Шимолий кўрфаз” ҳарбий базасига ташрифи вақтида ДВ мухбирига берган интервюсида.
Зеленский ва Путин Россиянинг 2022-йил февралида Украинага бостириб кириши бошланганидан бери юзма-юз учрашмаган. Кремл эса Путиннинг бу учрашув учун Маямига бориши борасида ҳали жавоб бермади. Россия президенти 2019-йилдан буён Г20 саммитларида иштирок этмаяпти.
**“Энергетика ва ғалла бўйича оташкесим музокаралар сари биринчи қадам бўлиши мумкин”**
ДВъга берган интервюсида Зеленский Украина ҳозир жанг майдонида 2025-йилдагига қараганда анча кучлироқ эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳар ой “30 мингдан ортиқ аскарини йўқотмоқда ва жанг майдонидаги жуда секин илгарилаш учун жуда катта бадал” тўламоқда. “Шунинг учун биз ҳозир музокаралар учун яхши позициядамиз деб ҳисоблаймиз”, деди у.
“Эҳтимол, кимгадир ъоташкесимъ сўзи ёқмас. Менга кимга ёқиш-ёқмаслигининг фарқи йўқ. Биз ҳаётни севамиз. Биз тинчликни хоҳлаймиз ва шунинг учун музокаралар олиб бормоқдамиз”, дея таъкидлади Украина президенти.
Зеленскийнинг айтишича, энергетика ва ғалла ташувларига ҳужумларни тўхтатиш тинчликка эришиш йўлидаги бошланғич нуқта бўлиши мумкин.
“Бизни ҳар қандай музокараларга нима олиб келиши мумкин? Энергетика ва ғалла. Бу биринчи қадам. Биз эриша оладиган нарса”, деди у.
Интервюда Зеленский, шунингдек, Украинага 2026-йил қишда Патриот ракеталари зудлик билан кераклигини айтди. У совуқ мавсум учун ойига камида 100-120 та ракета зарурлигини таъкидлади, чунки Россия ҳар ой 140 та баллистик ракета ишлаб чиқармоқда.
Зеленский аввалроқ мамлакат учун нозик масалаларда Россия билан муросага боришга тайёрлигини билдирган эди.
“Ғалла, энергетика — Украина ва Россия учун оғриқли масалалар. Бугунги кунда улар бутун дунё, жумладан, Ҳиндистон, БАА, Саудия Арабистони, Миср, Осиё ва кўплаб бошқа давлатлар учун ҳам муҳим масаладир. Биз муросага боришга тайёрмиз”, деганди Украина раҳбари.

