Зангиотада тирбандликни камайтириш учун янги йўл ўтказгич очилди
3-октабр куни Собир Раҳимов – Ўртаовул бекатлари оралиғида янги темирйўл ўтказгич фойдаланишга топширилди. Тошкент шаҳри ва вилояти туташган ҳудуддаги иншоот транспорт оқимини тартибга солиш, тирбандликни камайтириш ҳамда ҳайдовчи ва пиёдалар учун хавфсиз ҳаракатни таъминлашга қаратилган.

Зангиотада тирбандликни камайтириш мақсадида янги йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди. «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ берган маълумотга кўра, ушбу йўл ўтказгич мавжуд темирйўл кесишмаси ўрнида қурилган.
Очилиш тадбирида Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаев, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бошқаруви раиси З. Нарзуллаев, транспорт прокурори И. Наримов, маҳаллий аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган.
Лойиҳа доирасида узунлиги 23,6 метр бўлган икки йўлли темирйўл кўприги бунёд этилган. Қурилиш ишлари якунлангач, темирйўл излари аввалги жойига қайта ўрнатилган.
Бундан ташқари, 1 200 метрлик айланма темирйўл ва автомобил йўли қурилган, 800 метр контакт тармоғи кўчириб ўтказилган.
Қурилиш жараёнида тўсиқ девор пойдевори учун 237 та қозиқ бўйича бурғилаш ишлари амалга оширилган. Умумий ҳисобда 60 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилган.
Ҳудудда автомобил ва пиёдалар йўлаклари ҳам тўлиқ қуриб битказилган. Ёмғир ҳамда қор сувларини хавфсиз оқизиш учун тегишли қурилмалар ўрнатилган.
Компания маълумотига кўра, йўл ўтказгич Зангиота тумани аҳолиси ва ҳудуд орқали транзит ҳаракатланаётганлар учун қулайлик яратади. У автомобил йўлларидаги кундалик юкламани камайтириш, йўлда сарфланадиган вақтни тежаш ва ҳаракат хавфсизлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

