Ўзбекистонда темирйўлларни модернизация қилишга 200 млн доллар йўналтирилиши мумкин

Ўзбекистонда темирйўлларни модернизация қилиш учун 200 млн доллар ажратилиши мумкин
Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёни бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
2030-йилгача транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 млрд доллар инвестиция жалб этиш ва хизматлар экспортини 5,7 млрд долларга етказиш режалаштирилган. Тақдимотда ушбу мақсадларга эришиш учун олиб борилаётган инфратузилма лойиҳалари, уларнинг муддатлари ҳамда ҳал этилиши керак бўлган масалалар кўриб чиқилди.
Аеропортлар қурилиши ва модернизацияси бўйича ҳам маълумот берилди.
Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 млрд доллар бўлган янги аеропорт мажмуаларини қуриш ишлари давом этмоқда. Янги Тошкент халқаро аеропорти дастлабки босқичда йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ҳамда муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари бажарилмоқда.
Янги Бухоро халқаро аеропортида аеродром инфратузилмаси барпо этилмоқда. Йўловчи терминалини қуриш ва бошқаришга хусусий шерикни жалб қилиш бўйича халқаро тендер ўтказилмоқда.
Шунингдек, Урганч ва Наманган аеропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аеропортини эса хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди. Натижада аеропортларнинг ўтказувчанлиги ошиб, йўловчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.
Автомобил йўллари инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган ойда қиймати 2,2 млрд доллар бўлган Тошкент—Самарқанд пулли автомобил йўли қурилишига старт берилди. Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи илк пулли йўл ишга туширилди.
Тақдимотда Тошкент—Самарқанд лойиҳасининг кейинги босқичларини молиялаштириш, Тошкент—Андижон ва Тошкент—Бўстонлиқ пулли йўллари бўйича инвесторларни аниқлаш ҳамда амалий ишларни бошлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Темир йўл тармоғининг ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар ҳам тақдим этилди.
Ҳозирда асосий транзит йўналишлардаги бир қатор темирйўл участкалари юқори юклама билан ишламоқда. Саноат юклари ҳажмининг ортиши ва янги юқори тезликдаги поездлар қатновининг йўлга қўйилиши мавжуд инфратузилмага бўлган талабни янада кучайтиради.
Шу сабабли, Мактаарал—Сирдарё, Ангрен—Поп, Тошғузор—Бойсун—Қумқўрғон, Тошкент—Самарқанд ва Тўқимачи—Ангрен йўналишларини модернизация қилиш чоралари кўриб чиқилди. Ушбу ишларга 200 млн доллар йўналтириш ҳисобига участкаларнинг ўтказувчанлигини 25-30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилиши, Тошкент—Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темирйўл барпо этиш, ҳудудлардаги темирйўл тармоқларини кенгайтириш ва электрлаштириш лойиҳалари юзасидан ҳам ахборот берилди. Юк вагонлари паркини янгилаш, бу жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш таклифлари ҳам муҳокама қилинди.

