Зангиотада аёл ва болани уриб юбориш билан боғлиқ тафсилотлар маълум бўлди

Зангиотада аёл ва болани уриб юбориш билан боғлиқ тафсилотлар маълум бўлди
Бугун, 16 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Зангиота туманида содир бўлган ЙТҲ тасвирлари пайдо бўлди. Унда пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган аёл ва болани автомобиль уриб юборгани акс этган. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ бериб, жабрланувчиларнинг аҳволи ҳақида маълум қилди.
Аниқланишича, ҳодиса 15 сентябрь куни тахминан соат 07:30 ларда «Обод» маҳалласининг марказий кўчасида, 39-мактаб рўпарасида содир бўлган.
ЙҲХБ маълумотларига кўра, Cherry автомобилининг 36 ёшли ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган икки пиёда — 40 ёшли аёл ва етти ёшли болани уриб юборган.
Жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Саломатлиги яхшиланганидан сўнг уларга шифохонадан жавоб берилган.
Ҳозирда мазкур ЙТҲ ҳолати юзасидан Зангиота тумани ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЙҲХБ ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга ва пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашганда ҳушёр бўлишга чақирди.

