“Заҳарланганлар 100 дан ортиқ” – Учкўприкдаги шифохонадан репортаж
Фарғона вилояти Учкўприк туманида фаолият юритувчи фаст фуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчада 16,17,18-сентабр куни “хот-дог” ва нон-бургер истеъмол қилган 100 дан ортиқ фуқарода юқори ҳарорат, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши кузатилиб туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Kun.uz мухбири шифохонада бўлиб беморлар ва масъуллар билан суҳбатлашди.

“Заҳарланганлар 100 дан ортиқ” – Учкўприкдаги шифохонадан репортаж
Расмий манбаларда фаст фуддан заҳарланганлар сони 57 нафар деб кўрсатилган бўлса-да, суриштирув давомида шифохоналарда даволанаётган беморларнинг яқинлари бу рақам 100 дан ортиқ эканини айтишди.
Оғирроқ экан, реанимацияга олишяпти...
“21 яшар неварамни шифохонага ётқизган эдик. Энди аҳволи оғирроқ бўлгани учун реанимацияга оламиз дейишяпти.
Бир кун аввал неварам уйда тушлик қилиб бўлиб бозорга боришини айтди. Бозорда дўстини учратган. Бозордан чиқиб, улар бирга хот-дог ейишган. Ўша хот-догнинг орқасидан шунча ташвиш орттирдик.
Уйимиз хот-дог сотадиган шохобчанинг орқасида. Уйга олиб келиб ҳам, ошхонасига бориб ҳам тез-тез хот-дог ва бошқа таомларидан истеъмол қилиб турардик. Аввал бундай ҳолат кузатилмаган эди. Энди қўлимиздан нима ҳам келарди? Аллоҳ шифо берсин барча беморларга”, дейди невараси шифохонада даволанаётган Дилбарой ая Деҳқонова.
Беморлар 200 кишидан ошиқ...
“18-сентабр куни қизим дарсдан мазаси қочиб, уйга қайтиб келди. Ҳарорати кўтарилиб тўшакка михланди. Аввалига грипп деб ўйлаб, дори-дармон қилдик. Кейинчалик қорни оғриб, оғриқ тобора кучайишни бошлади. Суриштирсак, бир кун олдин, 17-сентабр куни қизлар билан шовурма ейишган экан. Шифохонага келдик. Ҳозир иситмаси тушиб, анча ўзига келиб қолди. Шифохонага жуда кўп бемор келди. Ҳаттоки жой топиш муаммо бўлди. Жой етмаганлар хусусий шифохоналарга ҳам жўнатилди. Реанимацияда ҳам беморлар бор. Оғир касаллар реанимация бўлимида. Билганим, заҳарланганлар 200 кишидан ошиқ. Касалликни ошкор қилмай, уйида даволаниб турганлар ҳам бор”, дейди қизини шифохонада даволатаётган она.
“16-сентабр куни соат 22:00 да фаст фуд егани борган эдим. Хот-догни ярмигача едим ҳамки озроқ ҳидлангани сезилди. Қорним очлиги учун бунга аҳамият бермай ҳаммасини едим. Кейин уйга кириб, ухлашга ётдим. Соат 2:00 ларда тўсатдан ошқозоним оғриб уйғониб кетдим. Эрталаб соат 3:00 ларга яқин “югуртирди”. Эртаси куни ишхонада бошим оғриб, қон босимим ошиб кетди. Иложсизликдан шифохонага ётишга мажбур бўлдим.

