ЙТҲга учраган ўқувчининг синф раҳбари ишдан олинди
Янги Наманган туманидаги 65-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

ЙТҲга учраган ўқувчининг синф раҳбари ишдан олинди
Янги Наманган туманидаги 65-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳолат бўйича Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий баёнот берди.
Маълум бўлишича, воқеа 2 октябрь куни содир бўлган. Учинчи дарс пайтида инглиз тили фани ўқитувчиси дарс тугашига 10 дақиқа қолганда синфни тарк этган. Шундан кейин уч нафар ўқувчи мактаб ҳудудидан чиқиб кетган.
Соат 15:20 атрофида улардан бири сув олиш учун йўлнинг қарама-қарши томонига ўтган. Қайтиб келаётганида ўқувчини «Damas» русумли автомобиль уриб юборган.
Жароҳат олган ўқувчига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодисадан сўнг мактаб масъулларининг фаолияти ўрганилиб, синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига огоҳлантириш берилган, инглиз тили фани ўқитувчисига эса «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланган.
Бошқарма таълим муассасаларида ўқувчилар хавфсизлигини кучайтириш, педагогларнинг хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиши ва дарс жараёнида болалар назоратини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилганини маълум қилди.

