“Ёшларимизни чет элга оддий ищи эмас, малакали мутахассис сифатида юбормоқчиман” — Шавкат Мирзиёев
Президент Тошкентдаги “Интил” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. Давлат раҳбари хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни касбга ўргатиш ва янги муҳитга мослаштириш муҳимлигини таъкидлади.

“Ёшларимизни чет элга оддий ищи эмас, малакали мутахассис сифатида юбормоқчиман” — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев 2-ноябр куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган “Интил” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди.
Мамлакатда хорижда ишлашни истаган фуқароларни аниқ иш ўринларига мақсадли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда тил ўргатиш, касбий кўникма бериш, малакани тасдиқлаш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш жараёнларини бир-бири билан боғлаш муҳим саналади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган марказ айнан шу вазифаларга хизмат қилади.
Давлат раҳбарига марказнинг имкониятлари, таълим дастурлари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан йўлга қўйилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
“Ўн йил олдин қонуний миграция бўйича саноқли давлатлар билан келишувимиз бор эди. Бугун очиқлик сиёсатимиз туфайли ёшларимиз учун кўплаб давлатларда муносиб иш имкониятлари очилмоқда. Мен ёшларимизни чет элга оддий ищи эмас, малакали мутахассис сифатида юбормоқчиман. Мақсадимиз – уларга касб ўргатиш, янги муҳит ва маданиятга мослашишига кўмаклашиш”, – деди президент.
Қарийб 3,5 гектар майдонда жойлашган марказда фуқаронинг илк мурожаатидан бошлаб ҳужжатларини расмийлаштириш, тил ва касб ўрганиш, имтиҳон топшириш ҳамда хорижга ишга жўнаб кетишигача бўлган барча жараёнлар бир жойда йўлга қўйилган. Фронт-офисда маслаҳат ва виза масалалари бўйича ёрдам кўрсатилади. Бу ерда банк хизматлари, авиачипта кассалари ва колл-марказ ҳам ишлайди.
Мажмуада 600 ўринли ўқув хоналари, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхона мавжуд. Ҳозирда 6 та халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Улар учун ўқиш ва ётоқхона бепул.
Марказда немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, италян ва словак тиллари ўргатилади. Тил тайёргарлиги дастурлари 6 ойдан 10 ойгача давом этади. Уларнинг мазмуни хорижий иш берувчиларнинг эҳтиёжларига қараб янгиланиб боради.
Касбий таълим 12 та дастурни қамраб олади. Тингловчилар тиббиёт, пайвандчилик, электр ва сантехника ишлари, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати, ошпазлик каби йўналишлар бўйича тайёрланмоқда.
“Қаерга борманглар, ўша давлатда маданиятимиз, урф-одатларимиз ва тарихимизни таништиринглар. Яқинда Япониянинг Нагоя шаҳри мери ёшларимизнинг маданияти ва одобига қойил қолиб, менга мактуб йўллади. Сизлар ҳақингизда ҳам “буюк тарихга эга буюк мамлакат фарзандлари экан” деган гаплар айтилишини истайман”, – деди президент тингловчилар билан суҳбатда.
Ўзбекистон етакчиси амалий симуляция хоналарида коммунал ва қурилиш соҳаларига оид машғулотларни кўздан кечирди. Бу ерда тингловчилар иш жойига яқинлаштирилган шароитда касбий кўникмаларини мустаҳкамлайди. Жумладан, сантехника ва электр тизимлари билан ишлаш ўргатилади, пайвандчилар ИСО 9606 халқаро стандартлари асосида тайёрланади. Ўқув жиҳозлари Германия, Хитой ва Россиядан келтирилган.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари имтиҳон хоналарини кўрди. Марказда тингловчиларни халқаро тил сертификатларига тайёрлашга эътибор қаратилиб, ЎСД, ТЕЛС, Ж-СЕРТ ва ЭПС ТОПИК имтиҳонларини топшириш имконияти яратилган.
“Мактабни тугатгандан кейин кафолатли иш жойига эга бўлиши учун тилни ҳам, касбни ҳам мактабдаёқ ўргатишимиз керак”, – деди президент.
Тайёргарлик хорижий ҳамкорлар билан биргаликда олиб борилмоқда. “Проуд Партнерс”, “Онодера Усер Рун”, “Деуцче Баҳн”, “РесруитМед ГмбҲ”, “ПентаҲоспитал” компаниялари ва Перуджиа университети иштирокидаги лойиҳалар фуқароларни иш берувчилар талабига мос ўқитиш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашишга қаратилган.
Тингловчилар учун коворкинг, спорт майдончалари ва дам олиш ҳудудлари ҳам ташкил этилган. Марказда 40 нафар маҳаллий ходим ва ўқитувчи, шунингдек, 6 нафар хорижлик тил ўқитувчиси фаолият юритмоқда.
Президент чет эллик иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, номзодларни саралаш, тил ва касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштиришга кўмаклашишни бирлаштирган ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш юзасидан тавсиялар берди.

