Ўзбекистонда кадрлар тайёрлайдиган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
Тадбиркорларнинг кадрлар тайёрлаш ва ускуналар харид қилишга сарфлаган маблағлари тўланган солиқлардан чегирилади. Хорижда яхши ишга жойлашган ҳар бир битирувчи учун грант ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Ўзбекистонда кадрлар тайёрлайдиган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Қурилиш, саноат ва логистикада малакали кадрларга эҳтиёж Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам ортиб бормоқда. Сергелидаги “Тошкент қувур заводи” ўз усталарини жалб этиб, йилига 2,5 минг пайвандчи, электрик ва чилангар тайёрлаш ташаббусини билдирган.
Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига топшириш, улар орқали йилига камида 30 минг нафар иш жойида дарҳол фаолият бошлай оладиган мутахассис тайёрлаш режалаштирилмоқда. Техникумлар 15-йилга бошқарувга берилади, битирувчиларга давлат намунасидаги малака сертификати тақдим этилади.
Тадбиркорларнинг кадр тайёрлаш ва ускуна харид қилишга сарфлаган маблағларини тўланган солиқлардан чегириш, чет элда яхши ишга жойлашган ҳар бир битирувчи учун грант ажратиш тизими йўлга қўйилади. Техникумлар хорижлик иш берувчилар билан боғланади.
“Мен ишонаман: чемпион тадбиркорларимиз чет элда ъўзбек мутахассислари брендиъни яратишда ҳам давлатга кўмакчи бўлади”, – деди президент.
Хусусий бандлик агентликларига лицензия бериш тартиби соддалаштирилгач, икки йилда уларнинг сони уч баравар кўпайди. Ушбу агентликлар орқали хорижда ишга жойлашганлар эса беш карра ортди. Президент соҳада хатолар, коррупсия ва фуқароларни алдаш ҳолатлари ҳам бўлганини айтди. Муаммоларни бартараф этиш учун алоҳида қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асос яратилди.
Келаси йилдан фуқароларни чет элга ишга юбориш вазифаси хусусий сектордаги энг ишончли бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилади. Юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир киши учун агентликка 1,5 млн сўмдан рағбат пули тўланади.
Ёшларни касб ва тилга тайёрлаш учун техникум биноларининг бир қисми бепул ижарага берилади. Чет элдан жалб қилинган ўқитувчи ва экспертларга ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади, ўқув жараёни учун зарур ускуна ва жиҳозлар божхона божидан озод қилинади.
Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликлари тўлиқ шаффоф тизимда ишлайди, уларнинг рейтинги юритилади. Фуқаронинг аниқ ишга жойлашиши, ҳуқуқлари таъминланиши, юқори даромад олиши ва кафолатли ижтимоий таъминотга эга бўлиши асосий мезон бўлади.
Президент бир ойда агентликлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳасини киритиш, ушбу фаолиятни ижтимоий хизмат сифатида кўриб, солиққа тортишни шунга мос равишда соддалаштиришга топшириқ берди.

