Йўқолган франциялик балиқчиларнинг жасадлари топилди
Уларнинг қайиғи балиқ овлаш анжомларида муаммолар борлиги ҳақида хабар берганидан кейин, Плимут қирғоқлари яқинида чўкиб кетди.

Йўқолган франциялик балиқчиларнинг жасадлари топилди
Қироллик соҳил хавфсизлик хизмати (HM Coastguard) ҳодисадан кейин уч киши шифохонага ётқизилганини тасдиқлади.
Франция прокуратураси Ла-Манш бўғозида балиқчилик кемаси чўкиб кетганидан бери бедарак йўқолган икки франциялик балиқчининг жасади топилганини маълум қилди.
«Maranello» балиқчилик траулери 29 август куни Плимут қирғоқлари яқинида балиқ овлаш анжомлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар берганидан кейин чўкиб кетган эди. Кема экипажининг беш аъзосидан уч нафари яқин атрофдаги кема томонидан қутқариб қолинган.
Қироллик соҳил хавфсизлик хизмати, RNLI қутқарув қайиқлари ва Франция расмийлари иштирокидаги кенг кўламли қидирув ишлари икки кундан кейин тўхтатилган эди.
Сен-Бриё прокурори ўринбосари Алекс Деҳайснинг маълум қилишича, об-ҳаво шароити қидирув ишларини қайта бошлаш имконини берганидан сўнг, шанба куни ғаввослар жасадларнинг турган жойини аниқлаб, уларни сувдан олиб чиқишган.

