ЕХҲТнинг ёшлар медиа-лагери: дезинформацияга қарши курашиш ва рақамли хавфсизлик
Интернетда ва ижтимоий тармоқларда кўраётганларимизнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Технологиялар асри одамларни яқинлаштирмоқда ва ҳар қандай маълумотни бир неча босишда қўл етгудек қилмоқда, бироқ баъзида рақамли муҳит манипуляциялар, экстремизм ва радикаллашув майдонига айланиб бормоқда. Ёшларнинг медиасаводхонлигини ошириш бўйича тизимли ишларнинг давоми сифатида, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда [...] ташкил этди.

ЕХҲТнинг ёшлар медиа-лагери: дезинформацияга қарши курашиш ва рақамли хавфсизлик
Технологиялар асри одамларни яқинлаштирмоқда ва ҳар қандай маълумотни бир неча марта босиш орқали олиш имконини бермоқда, бироқ баъзида рақамли муҳит манипуляциялар, экстремизм ва радикаллашув майдонига айланиб бормоқда.
Ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш бўйича тизимли ишларнинг давоми сифатида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Паркент туманида медиа-лагерь ташкил этди. Унда мамлакатимизнинг етакчи университетларида журналистика, кино санъати ва дизайн йўналишларида таҳсил олаётган 30 нафар иқтидорли талаба иштирок этди. Асосий эътибор медиа саводхонлик кўникмаларини ривожлантириш, ахборотни танқидий қабул қилиш ва рақамли муҳитда дезинформацияни аниқлаш қобилиятига қаратилди.
Ушбу ташаббус замонавий медиа маконни шакллантириши керак бўлган бўлажак журналистлар, кинематографлар ва дизайнерларга фейкларни аниқлаш, фактларни синчиклаб текшириш ва ишончли, хавфсиз контент яратиш учун барча зарур воситаларни тақдим этади. Шу тариқа, ёшлар терроризмга олиб келувчи зўравонлик экстремизми ва радикаллашувнинг олдини олишга фаол жалб этилмоқда.
Ушбу ишнинг аҳамиятини таъкидлаб, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова шундай деди:
«Терроризмга қарши курашда энг муҳим қуролимиз — бу ишончли ахборотдир. Замонавий медианинг вазифаси салбий стереотипларни тарқатиш эмас, балки жамиятда бағрикенгликни ривожлантиришдан иборат. Журналистларнинг ўзлари мураккаб мавзуларни профессионал тарзда ёритиш, ҳар доим одоб-ахлоқ қоидалари ва одамлар хавфсизлигини ёдда тутиш учун доимий равишда янги билимларни эгаллашлари зарур».
Уч кун давомида иштирокчилар интерактив машғулотларда қатнашдилар, амалий мисолларни таҳлил қилдилар ва экспертларнинг маҳорат дарсларида иштирок этдилар. Улар рақамли хавфсизлик, контент тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш, шунингдек, муқобил ахборот нарративларини яратиш йўлларини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, иштирокчилар интернетдаги кундалик ҳаракатларимиз рақамли макондан ташқарида одамлар ва бутун жамиятлар ҳаётига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гапирдилар.
Медиа-лагерь доирасидаги муҳокамалар чоғида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Шамсиддин Толиббоев шундай деди:
«Нафақат интернетдан фойдалана олиш, балки ўз ҳаракатларимизни ва уларнинг бошқа одамлар учун оқибатларини танқидий баҳолаш ҳам муҳимдир. Бировнинг контентини розилигисиз эълон қилиш ёки тарқатиш реал зарар етказиши мумкинлигини тушуниш ва кибербуллингни қўллаб-қувватламаслик керак».
Янги авлодда танқидий фикрлашни, сифатли контент яратиш ва тармоқ таҳдидларига қарши туриш кўникмаларини ривожлантириш орқали бундай лойиҳалар Ўзбекистондаги ахборот муҳитини янада хавфсиз ва очиқ қилишга ёрдам беради.

