Дунё

Европарламент Россия Давлат Думасига сайлов натижаларини тан олмади

Европарламент Россия Давлат Думасига ўтказилган сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва шакллантирилган парламентни легитим (қонуний) эмас деб ҳисоблашини билдирди.

Европарламент Россия Давлат Думасига сайлов натижаларини тан олмади

8-октабр куни қабул қилинган ҳужжатни 482 депутат қўллаб-қувватлади, 41 нафари қарши овоз берди, яна 39 нафари бетараф қолди. Унда қайд этилишича, «демократик ҳамда урушга қарши сиёсий кучларнинг мунтазам равишда четлатилиши ва таъқиб қилиниши, жиддий қонунбузарликлар ҳамда тўлақонли мустақил кузатувнинг йўқлиги» сабабли сайлов эркин ва адолатли ўтмаган.

Депутатлар, шунингдек, сайловчиларга босим ўтказилгани, кузатувчилар фаолиятига тўсқинлик қилингани ва сиёсий рақобат чекланганини таъкидлаб, «Яблоко» партиясининг сайловдан четлатилганига алоҳида эътибор қаратишди. Овоз бериш жараёнининг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида, шунингдек, Днестрбўйи, Абхазия ва Жанубий Осетияда ўтказилгани ҳам кескин қораланди.

Шу ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, Европарламент «расмий натижалар Россия халқи сиёсий иродасининг ишончли ифодаси сифатида қаралиши мумкин эмас»лигини билдирди. Резолюцияда айтилишича, «Бу ҳолатлар сайлов натижасида шакллантирилган Давлат Думасини, шунингдек, у томонидан қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва сиёсий қарорларни демократик легитимликдан маҳрум этади».

Европарламент Европа Иттифоқи Кенгаши ва унга аъзо давлатларни ҳам худди шундай тан олмаслик сиёсатини юритишга, Давлат Думасининг янги таркиби билан расмий алоқалардан тийилишга, россиялик депутатларнинг парламентлараро ассамблеялардаги иштирокига йўл қўймасликка ҳамда «Россияда эркин ва адолатли сайлов ўтказиш имкониятига путур етказишга масъул бўлган шахсларга» қарши санксиялар жорий этишга чақирди.

«Россия ҳукумати ушбу сайловни саҳналаштириш орқали фақат битта мақсадни кўзлаган - яъни Путиннинг сайлов легитимлиги, унинг тўхтовсиз ички қатағон сиёсати ва энг асосийси, Украинага қарши тажовузкор уруши гўёки қонуний экани ҳақида сохта таассурот уйғотиш», - дейилади ҳужжатда.

ИХ чақириқ Давлат Думасига сайлов 18–20-сентабр кунлари бўлиб ўтди. МСК рекорд даражадаги 349 та мандатни қўлга киритган «Единая Россия» партиясининг ғалабасини эълон қилди. Шу билан бирга, мустақил сайлов таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳукмрон партия фойдасига 30 миллион «қоғоз» овоздан 18 миллиондан ортиғи сохта тарзда «ташланган» бўлиши мумкин, унинг ҳақиқий натижаси эса 35 фоиздан ошмайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.