Европага ишлашга бориб, Франсияда шифохонага тушган ўзбекистонлик юртга қайтарилди
Европага юк автомобили ҳайдовчиси бўлиб ишлаш учун борган Ўзбекистон фуқароси Франсияда соғлиғи кескин ёмонлашиб, узоқ вақт шифохонада даволанди. Элчихона ва Миграция агентлиги кўмагида у Ўзбекистонга олиб келинди.

Европага ишлаш учун кетиб, Франсияда шифохонага ётқизилган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди.
«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ш.А. Франсияда бўлган пайтида Тур шаҳридаги шифохонага ётқизилган.
Унинг даволаниш жараёнида Ўзбекистоннинг Франсиядаги элчихонаси фуқаро ҳамда тиббиёт муассасаси билан мунтазам алоқада бўлиб, зарур кўмак кўрсатган.
Ҳамюртимизнинг аҳволи яхшилангач, дипломатик миссия Миграция агентлиги билан ҳамкорликда унинг Ватанга қайтишини ташкил этган.
Фуқаро Ўзбекистонга эсон-омон етиб келган. Энди у оиласи бағрида соғлиғини тиклаб, кейинги муолажаларини давом эттиради.

