Дунё

Европа Трамп маъмуриятининг Россия активлари бўйича таклифини рад этди

Трамп маъмурияти Украина бўйича тўхтаб қолган тинчлик музокараларини қайта бошлаш учун Россиянинг музлатилган давлат активларининг бир қисмига қўйилган чекловларни бекор қилишни таклиф этган. Финансиал Тимес манбаларига кўра, Европа давлатлари бу ташаббусни қўллаб-қувватламаган.

Европа Трамп маъмуриятининг Россия активлари ҳақидаги таклифини қабул қилмади. ДВ нашри Финансиал Тимесъга таяниб ёзишича, бу режа АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан Маямида Украина ҳамда Европа давлатлари вакиллари билан яқинда ўтказилган учрашувда илгари сурилган.

Таклиф Россиянинг музлатилган активларининг бир қисмини Вашингтон назоратидаги махсус молиявий тузилмага ўтказишни кўзлаган.

Газета суҳбатдошларига кўра, Европа вакиллари активлар устидан назоратни АҚШга топширишга ҳам, музлатилган маблағларнинг бир қисмини Россияга қайтаришга ҳам қарши чиққан.

Уиткофф ва Кушнернинг ташаббуси Украина расмийлари ҳамда европалик дипломатларда Вашингтоннинг Россияга босим ўтказишга доир ёндашуви юзасидан хавотир уйғотган.

ФТ маълумотига кўра, 2022-йил февралида Ғарб давлатлари Россиянинг қарийб 260 миллиард евролик давлат активларини музлатган. Уларнинг катта қисми Европа Иттифоқида сақланмоқда.

ЕИ ҳозирча бу активларнинг ўзини Украинага бермаган. Киевга молиявий ёрдам кўрсатиш учун улардан олинаётган даромадлардан фойдаланилмоқда.

Жумладан, Украина «Катта еттилик» мамлакатларидан музлатилган активларнинг фоиз даромадлари билан таъминланган 45 миллиард евролик кредит олган.

Нашр ёзишича, ЕИ раҳбарлари Россия уруш тугаганидан кейин репарация тўламаса, ушбу активлардан Украинани тиклашни молиялаштириш учун фойдаланишга ваъда берган.

ФТ манбалари Россия активларини музлатишдан чиқариш учун ЕИнинг барча аъзо давлатлари бир овоздан розилик бериши кераклигини таъкидлаган. Бу эса АҚШ вакиллари таклифини амалга оширишни қийинлаштиради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.