Россия донига Европа йўлини ёпиш таклиф қилинди
Латвия, Литва ва Эстония Россия донининг Европа Иттифоқи ҳудуди орқали транзитини тақиқлашга чақирди. Уч мамлакат раҳбарларига кўра, Европа инфратузилмаси Россияга урушни молиялаштириш учун даромад топишда ёрдам бермаслиги керак.

Россия донининг Европага йўли ёпилиши таклиф қилинди
ДВ хабарига кўра, бу чақириқ Литва президенти Гитанас Науседа, Эстония бош вазири Кристен Михал ва Латвия бош вазири Андрис Кулбергснинг 9-октабрдаги қўшма мактубида баён этилган.
Мурожаат Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляенга йўлланган.
«Россия Украина портларини бомбардимон қилиб, Украина донининг жаҳон бозорларига чиқишини тўсмоқда. Айни пайтда ўз донини Европа Иттифоқи орқали ташиб, даромад олишга интилмоқда. Бизнинг инфратузилмамиз Россияга урушни молиялаштиришда ёрдам бермаслиги керак», - дейилади мактубда.
Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари ЕИ Россияга ўз тажовузининг иқтисодий оқибатларини қоплаш имконини бермаслиги лозимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидан олиб чиқилган доннинг Европа Иттифоқи орқали экспорт қилинишига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилган.
«Биз тажовузкорга босимни кучайтиришимиз ва Украинага ўз товарларини жаҳон бозорига олиб чиқишда ёрдам беришимиз керак», - деган уч мамлакат раҳбарлари.
Эстония ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Кристен Михал ушбу масалани келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Европа кенгаши йиғилишида кўтармоқчи.
Эстония 1-октабрдан Россия ва Беларус донининг ўз ҳудуди орқали транзитини тақиқлаган. Латвия ва Литва ҳам тарифларни ошириш ва назоратни кучайтириш каби чоралар орқали бундай ташувларни чеклашга ҳаракат қилмоқда.
Эндиликда уч давлат Россия дони транзитига тақиқни бутун Европа Иттифоқи миқёсида жорий этишни талаб қилмоқда. Ҳозирча ЕИ даражасида бундай қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилмаган.

