Лайфстайл

Евгений Леонов 100 ёшда: роли сабаб қамоқхонага борган, бир аёлни севиб ўтган, клиник ўлимни бошдан кечирган актёр ҳақида

**Евгений Леонов 100 ёшда: роли туфайли қамоқхонага кирган, бир аёлни севиб яшаган, клиник ўлимни бошдан кечирган актёр ҳақида**

Агар ҳаёт бўлганида, 2-сентябр куни Евгений Леонов 100 ёшга тўлган бўларди. Экранда кулгили кўринган бу инсоннинг ҳаёти ҳам қувончли тасодифлар, ҳам оғир синовларга бой бўлган. Ҳаммамиз севган актёрнинг кутилмаган жиҳатларини очиб берувчи 10 та фактни эслаймиз.

Евгений Леонов 1943-йилда театрга ўқишга кирган. Унгача у авиация заводида токар бўлиб ишлашга ва техникумга киришга ҳам улгурган эди, бироқ санъатга бўлган иштиёқи устун келди. Леоновнинг айтишича, у акасининг пиджагини кийиб, кастингга борган. У ерда Блокнинг “Ресторанда” шеърини ўқиган. Бўйи паст, юзи думалоқ, ҳаяжондан оқариб кетган Леонов ўзини хушбичим йигитдек тасаввур қилиб, шеърни ифодали ўқиган. Москва экспериментал театр студиясининг қабул комиссияси абитуриентнинг шу қадар кулгили кўринишидан кулиб юбориб, стулдан йиқилиб тушаёзган. Леонов имтиҳондан йиқилдим, деб ўйлаган. Аммо унинг комик истеъдоди ва табиий самимийлигини юқори баҳолаб, уни дарҳол ўқишга қабул қилишган.

1961-йилда экранларга чиққан “Ғалати рейс” филми Леоновни машҳур қилди. Актёр филмда ўзини йўлбарс ўргатувчи қилиб кўрсатган буфетчи Шулейкин ролини ижро этган. Филмда Леонов қаҳрамонининг кўпикли ванна қабул қилаётган саҳнаси бор. Сюжетга кўра, унинг ортидан йўлбарс яқинлашади. Бошқа саҳналарда актёр билан йиртқичлар орасига қалин шиша қўйилган бўлса-да, бу эпизодда оператор ойнадан тушаётган акс сабабли “ҳимоя”ни рад этган. Бундан бехабар Леонов ортига ўгирилиб, ёнида йўлбарсни кўргач, чинакам қўрқиб кетиб, ваннадан яланғоч ҳолда отилиб чиққан. Айнан шу дубл филмга киритилган. Маданият вазири Екатерина Фурцева эпизодни кесиб ташлашни талаб қилган, бироқ режиссёр уни кадрни қолдиришга кўндирган. Натижада бу саҳна филмдаги энг кулгили эпизодлардан бирига айланган.

Яна бир машҳур филм — “Омадли жентлменлар”да Евгений Леонов бир вақтнинг ўзида иккита персонажни: ашаддий жиноятчи Доцент ва вақтинча унинг қиёфасига кириши керак бўлган меҳрибон болалар боғчаси мудири Трошкинни ижро этган. Евгений Павлович ролни имкон қадар ишончли ўйнаш учун ҳатто Бутирка қамоқхонасига ҳам борган. Тўғри, унга маҳбуслар билан юзма-юз суҳбатлашишга рухсат беришмаган, бироқ уларни эшикдаги “глазок” орқали кузатишга қўйиб беришган.

Леонов 31 ёшида уйланган. У ташқи кўринишига доим киноя билан қараган, гўзал аёллар мени ёқтирмайди, деб ўйлаган. Бироқ 1957-йили Свердловскдаги гастрол пайтида ўзидан 10 ёш кичик бўлган мусиқа билим юрти талабаси Ванда Стойлова билан танишиб қолади. Қиз унинг севги изҳорига жавоб қайтаради ва ота-онасининг қаршилигига қарамай, унга турмушга чиқишга рози бўлади. 1959-йили ўғли Андрей туғилади. Ўша пайтда Леонов “Ғалати рейс” филмининг суратга олиш ишларида эди. Унга ўғил фарзандли бўлганини айтишганда, актёр шу қадар хурсанд бўлганки, йўлбарсларни ўпгани югурган экан.

У хотинини жонидан ортиқ севарди, хорижий гастроллардан унга доим энг замонавий либосларни олиб келишга ҳаракат қиларди. Ҳатто Москвада: “Бундай кўйлак фақат Софи Лорен билан Ванда Леоновада бор!” деган ҳазил юрарди. Улар Евгений Павлович вафотигача 37 йил бирга яшашди.

Евгений Леонов Толкиннинг “Ҳоббит ёхуд бориб-қайтиш” китобидаги Билбо Беггинс образининг прототипига айланган. Аниқроғи, эртак учун чизилган иллюстрацияларнинг прототипига. Рассом Михаил Беломлинский 1976-йилги нашр учун Билбо образини ўзининг севимли актёридан илҳомланиб чизган. Китобнинг бир нусхаси Леоновга совға қилинган ва бу ҳол актёрни жуда таъсирлантирган. Теледастурлардан бирида у ҳатто жонли эфирда ҳоббитлар ҳақидаги қиссанинг биринчи саҳифасини ўқиб берган.

Миллионлаб болалар учун Евгений Леонов аввало Винни Пухнинг овози, қолаверса, унинг сиймоси эди. Аммо режиссёр Фёдор Хитрукка дастлаб актёрнинг овози ёқмаган: у Леоновнинг овози айиқча учун ҳаддан ташқари паст деб ҳисоблаган. Шунда овоз режиссёри ёзувни тезлаштиришни таклиф қилган ва натижада ҳаммаси жойига тушган.

Шу билан бирга, “Винни Пух”нинг русча талқини муаллифи Борис Заходер на Хитрукнинг, на Леоновнинг ёндашувига қатъиян қўшилмаган. Ижодий келишмовчиликлар сабаб у лойиҳадан четлатилган.

Режиссёр Георгий Данелия шундай бир қизиқ воқеани айтиб берган. Бир куни Грузиядаги гастрол сафарида у актёрни ўзи билан бирга касалхонадаги қариндошини кўришга олиб борган. Евгений Павлович палатага кириши билан беморларнинг кайфияти дарҳол кўтарилган. Унинг қувноқ ҳикояларидан кейин аҳволи ҳам яхшиланган. Бундай таъсирни кўрган шифохона бош шифокори ҳазиллашиб, актёрга реанимация бўлимига ҳам кириб чиқишни таклиф қилган, Леонов рози бўлган. Бир неча соат давомида Евгений Павлович палаталарни айланиб, одамлар билан суҳбатлашган; бу ажойиб ижобий инсон билан мулоқотдан кейин уларнинг аҳволи анча яхшиланган. Шифокорлар бу ҳодисани ўзаро “Леонов эффекти” деб аташган.

Актёр доимий гастролларда юриб, оиласига кам вақт ажратаётгани учун ўзини айбдор ҳис қиларди. Ўғли билан муносабатлари ҳам ҳар доим силлиқ кечмасди: Андрей мактабда безорилик қилар, мустақил бўлишни истарди. Шундай пайтларда Евгений Леонов унга мактублар ёзиб, ўзаро муносабатлари, актёрлик касби, севги, танлов ва унинг оқибатлари ҳақидаги фикрларини баён қиларди. Кейинчалик шу мактублар асосида “Ўғлимга мактублар” номли китоб нашр этилган.

1988-йил ёзида Евгений Леонов “Ленком” театри билан Германиянинг Гамбург шаҳрида гастрол сафарида эди. Спектаклдан сўнг артистнинг тоби қочиб, тез ёрдам чақирилади. Тез ёрдам машинасида шифокорлар унда клиник ўлим ҳолатини қайд этишади. Касалхонада Леонов оғир инфарктдан кейин кўп соатлик жарроҳлик амалиётини бошдан кечиради, сўнг комага тушиб қолади. Шифокорлар Леоновнинг рафиқаси ва ўғлига у билан тинимсиз гаплашиб туришни маслаҳат беришади. Ҳатто ўғли Андрей унга қўшиқ куйлаб беради ва мўжиза юз беради. Кейинроқ Евгений Павловичнинг ўзи айтганидек, у нариги дунёда Фаина Раневскаяни кўришга умид қилган, аммо кўра олмаган экан. Орадан бир неча ой ўтгач, у яна саҳнага қайтади.

Немис шифокорлари Евгений Павловичга яна беш йиллик умр ҳадя этишган. 1994-йил 29-январ куни 67 ёшли актёр “Хотирлаш дуоси” спектаклида саҳнага чиқиш учун театрга йўл олади, аммо улгура олмайди. Томошабинларга Леонов вафот этгани сабабли спектакл бўлмаслиги эълон қилинганда, ҳеч ким чиптасини қайтариб топширмайди. Одамлар бутун оқшом театр олдида шам ёқиб туришади. Евгений Леонов Новодевичье қабристонига дафн этилади. Орадан 27 йил ўтиб, унинг суюкли рафиқаси Ванда ҳам ёнига дафн қилинади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.