Ердаги ҳарорат критик чегарага яқинлашмоқда - БМТ
Глобал исиш саноатлашувгача бўлган даврга нисбатан 1,5 °С дан ошмаслиги керак, аммо бу мақсадга эришиб бўлмаслиги эҳтимоли юқори.

Ердаги ҳарорат критик чегарага яқинлашмоқда - БМТ
Глобал исишнинг оқибатлари аллақачон вайронкор кўриниш олган.
«Энг яхши ҳолатда глобал исиш саноатлашувгача бўлган даврга нисбатан 1,5 °С дан ошмаслиги керак. Жаҳон ҳамжамияти 2015-йилда Парижда бўлиб ўтган иқлим конференсиясида айнан шундай чекловга амал қилишга келишиб олган эди. Аммо орадан ўн йилдан ортиқ вақт ўтгач, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бу мақсадга эришиш эҳтимоли жуда паст эканини айтмоқда», – дейилади мақолада.
Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришининг оқибатлари аллақачон ҳалокатли тус олган: ўлимларга сабаб бўлаётган сув тошқинлари, ҳаддан ташқари кучли жазирама тўлқинлари, кенг миқёсдаги ўрмон ёнғинлари, инсонлар қурбон бўлиши, фалажланган иқтисодиёт ва тенгсизликнинг кучайиши шулар жумласидан.
«Бунга энг кам алоқадор бўлганлар биринчи бўлиб ва ҳаммадан кўпроқ азият чекмоқда», – деди Гутерриш. Шу сабабли 1,5 °С чегарасидан ошиш кўрсаткичи имкон қадар кичик бўлиши жуда муҳим.
БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) ҳисоботига кўра, аср ўрталарига бориб исиш ушбу чегарадан атиги бир неча ўндан бир даражага ошиб, 1,7–1,8 °С ни ташкил этиши учун, дунё бўйича иссиқхона газлари чиқиндилари 2025-йил даражасига нисбатан 2035-йилгача ҳар йили 6 фоиздан кўпроққа камайиши керак.
Аслида эса чиқиндилар ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Кўмир, нефт ва газни ёқиш бунинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, ЮНЕП раҳбари Ингер Андерсен сўнгги йиллардаги ютуқлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришнинг ҳали ҳам имкони борлигини кўрсатаётганини таъкидламоқда.
Унинг сўзларига кўра, Париж иқлим келишуви қабул қилинганидан бери дунёда қайта тикланувчи энергетика ва электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари кутилганидан уч баравар тезроқ ўсди. Қуёш энергетикаси, хусусан, фотоелектрик қурилмаларнинг ривожланиши прогнозлардан етти баравар тезроқ кечди. Электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўмирдан фойдаланишнинг ўсиш суръатлари эса тахмин қилинганидан пастроқ бўлди.
Вазиятни ўзгартиришнинг энг самарали йўли қатъий сиёсатдир, дейилади ҳисоботда. Бироқ, агар ҳукуматлар аввалгидек ҳаракат қилишда давом эца, аср охирига бориб глобал исиш 2,8 °С га етиши мумкин.

