Яхши ўқитувчилар ва илиқ хотиралар: Ўзбекистонликлар мактаблар ҳақидаги шарҳларида нималарни ёзади?
Яндех Мапс таҳлилчилари Ўзбекистон бўйлаб мактаблар ҳақида қолдирилган 12 мингдан ортиқ шарҳни ўрганиб чиқди. Фойдаланувчилар кўпинча ўқитувчилар, муҳит ва болалар учун яратилган шароитларни қайд этган, битирувчилар эса мактаб йиллари ҳақидаги хотиралари билан бўлишган.

**Яхши ўқитувчилар ва илиқ хотиралар: Ўзбекистонликлар мактаблар ҳақидаги шарҳларида нималарни ёзади?**
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Яндех Мапс таҳлилчилари Ўзбекистондаги мактаблар ҳақида фойдаланувчилар шарҳларда кўпроқ нималарни ёзишини ўрганди. Таҳлилга мамлакат бўйлаб давлат ва хусусий мактаблар, лицейлар, гимназиялар, мактаб-интернатлар ҳамда бошқа таълим муассасалари ҳақида қолдирилган, рейтинги 4 ва 5 балл бўлган 12 мингдан ортиқ шарҳ киритилди.
Фойдаланувчилар таълим сифати билан бирга, кўпинча алоҳида ўқитувчилар, мактабдаги муҳит ва болалар учун яратилган шароитларни ҳам алоҳида тилга олади. Баъзи шарҳлар эса болалик ҳақидаги кичик хотираларга айланади.
Ўқитувчилар мактаб ҳақидаги ижобий таассуротни шакллантирувчи асосий омиллардан бири саналади. Фойдаланувчилар шарҳларида педагогларнинг энг кўп қайд этиладиган уч жиҳати — кучли, профессионал ва билимли экани. Шунингдек, ўқитувчиларга нисбатан янада самимий таърифлар орасида меҳрибон ва севимли каби сўзлар ҳам учрайди.
Ўқувчилар ўқитувчиларга кўпроқ тушунарли дарслар, берган билими ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдиради. Ота-оналар эса фарзандига бўлган эътибор ва масъулиятли муносабатни алоҳида таъкидлайди. Кўплаб битирувчилар йиллар ўца ҳам устозларини илиқ хотиралар билан эслайди.
Иккинчи муҳим мавзу — боланинг мактабда ўзини қандай ҳис қилиши. Шарҳларда энг кўп учрайдиган таърифлар орасида индивидуал ёндашув, шинамлик ва дўстона муҳит бор.
Ота-оналар ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратилиши ҳақида ёзади. Айрим ҳолларда болаларга мактаб шу қадар ёқиши қайд этиладики, улар дарслар тугаганидан кейин ҳам уйга кетгиси келмайди.
Носталгик шарҳлар ҳам учрайди. Фойдаланувчилар мактабдаги дўстлари, танаффуслар ва ўша даврга хос майда тафсилотларни эслашади. Кўпчилик мактабга “энг яхши хотиралар” учун миннатдорлик билдиради.
Шарҳларда мактаб муҳити ва яратилган шароитлар ҳам тез-тез тилга олинади. Хусусан, таъмирлаш ишлари ва таълим олиш учун яратилган яхши шароитлар кўп қайд этилади. Фойдаланувчилар мактабларни чиройли, замонавий ва тоза деб таърифлайди. Муайян обьектлар орасида эса кўпинча ошхоналар, бассейнлар, футбол майдонлари ва акт заллари тилга олинади.
Овқатланиш — алоҳида мавзу. Кўпинча мактабдаги таомлар мазали деб баҳоланади. Айрим фойдаланувчилар эса мактаб ошхонасидаги севимли булочкаларини ҳам эслаб ўтган.
Яндех Мапсъда мактаблар ҳақида шарҳ қолдирувчилар орасида ушбу таълим муассасаларини 30−40 йил аввал тамомлаганлар ҳам бор. Бундай шарҳларда мактаб оддий таълим муассасаси эмас, балки инсон ҳаётининг бир қисмига айланади. Фойдаланувчилар пахта теримига боргани, “Зарница” мусобақалари ва ўз давридаги мактаб ҳаётининг бошқа лаҳзаларини эслайди.
Уларда ўқитувчиларга билдирилган миннатдорлик, мактабларга айтилган илиқ сўзлар ва битирувчиларнинг хотиралари акс этган. Уларнинг барчаси биргаликда шаҳар ва мактаб йиллари ҳақидаги кичик ҳикояларни ташкил этади.

