Яхши кайфият ва саломатликни лойиҳалаш мумкинми? Экспертлар — архитектурадаги wellness концепцияси ҳақида
Замонавий архитектура макон инсон соғлиғи ва фаровонлигига қандай таъсир қилишини тобора кўпроқ ҳисобга олмоқда. Бу тамойил жисмоний, психологик ва ижтимоий фаровонлик ҳақида ғамхўрликни бирлаштирадиган wellness ёндашувининг асосини ташкил этади. Уни ҳаётга қандай татбиқ этиш Tashkent Design Week тадбирида муҳокама қилинди.

Яхши кайфиятни лойиҳалаш мумкинми? Экспертлар — архитектурадаги wellness концепцияси ҳақида
Архитектура ва дизайн нафақат маконнинг визуал қабул қилинишига, балки инсонларнинг соғлиғи ва ўзини ҳис қилишига ҳам таъсир кўрсатишга қодир. Бинолар, интерьерлар ва шаҳар муҳитини лойиҳалашга англанган ёндашувдан фойдаланадиган Wellness Design йўналиши айнан шу билан шуғулланади.
Tashkent Design Week доирасида Technogym Uzbekistan асосчиси Фаррух Зокиров, САД студияси таъсисчиси Максим Олтян ҳамда Marie Wellness ва Matcha Club куратори Тамара Самадова лойиҳалашда инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатини, шунингдек, ижтимоий фаровонлигини ҳисобга олиш нега муҳимлиги ҳақида гапириб беришди.
Technogym Uzbekistan асосчиси Фаррух Зокировнинг сўзларига кўра, охирги ўн йилликларда соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тасаввур сезиларли даражада ўзгарди.
«Шундан 60 йилча олдин бодибилдинг эраси эди. Одамлар ўзларини чиниқтиришга, баҳайбат кўринишга ҳаракат қилишарди. Кейин фитнес эраси келди, унда эътибор инсоннинг кўзгуда қандай кўринишига, унинг шаклларига ва белидаги сантиметрларга қаратилди. 2000 йилдан бошлаб фитнес глобал миқёсда аста-секин wellness'га ўтди. Тренажёрларни ертўлалардан олиб чиқиб, юқори қаватларга жойлаштира бошлашди, ускуна ишлаб чиқарувчилар эса дизайнерлар билан ишлай бошладилар», — деди у.
Спикернинг фикрича, соҳа ривожининг кейинги босқичи longevity — узоқ умр кўриш концепцияси билан боғлиқ бўлиб, у кексаликда соғлиқни, жисмоний фаолликни ва ҳаёт сифатини сақлаб қолишни назарда тутади.
САД студияси таъсисчиси Максим Олтян архитектура ва дизайнни инсоннинг кундалик тажрибасини шакллантирувчи воситалар сифатида кўриб чиқишни таклиф этди.
«Бугунги кунда бизни ўраб турган ҳамма нарса архитекторлар ва дизайнерлар томонидан яратилганини тушуниш керак. Кийим-кечак, хоналар, шаҳар — буларнинг барчаси инсонлар томонидан яратилган. Муҳим бир факт бор: атроф-муҳит онг ва ҳолатни белгилайди. У бизга кейинчалик ҳаракат қиладиган ва ҳаётимизга кўчирадиган ҳолатни беради. Биз, архитекторлар ва дизайнерлар сифатида, одамлар ушбу лаҳзаларни қандай яшаб ўтишига таъсир қиламиз», — деди Максим Олтян.
У лойиҳачининг вазифаси шунчаки эстетик жиҳатдан жозибадор объект яратиш билан чекланмаслигини таъкидлади.
Одамлар янги маконлардан кундалик ҳаётда қандай фойдаланишини олдиндан ўйлаб кўриш муҳимдир.
«Биз ўзимизга ҳайкаллар эмас, балки одамлар пул ишлаб топадиган, ўзларини намоён қиладиган, севиб қоладиган, спорт билан шуғулланадиган муҳитни қурапмиз. Бу муҳит қанчалик илҳомлантирувчи ва фаол бўлиши биз уни қандай ўйлаб чиққанимизга боғлиқ», — деб қайд этди архитектор.
Архитектуранинг инсон ўзини ҳис қилишига таъсири фақат биноларнинг режалаштирилиши ва ташқи кўриниши билан белгиланмайди. Максим Олтяннинг сўзларига кўра, ёритиш, вентиляция ва акустик қулайлик диққатни жамлашга, иш қобилиятига ва қабул қилинадиган қарорлар сифатига таъсир қилиши мумкин. Мисол тариқасида у етарлича вентиляция қилинмаслиги кўмир кислота гази концентрациясининг ошишига олиб келиши мумкин бўлган, мос келмайдиган ёритиш ва шовқин эса асаб тизимига қўшимча юк соладиган офис хоналарини келтирди.
«Агар муҳитни тўғри назорат қилиб, уни сифатли яратсак, ходимларнинг самарадорлигини ошириш ва уларнинг касаллик варақасида ўтказадиган кунлари сонини камайтириш мумкин», — деб тушунтирди у.
Архитекторнинг фикрича, бундай ечимларни лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш босқичидаёқ киритиш керак. Агар уларга бўлган эҳтиёж қурилиш тугаллангач пайдо бўлса, ўзгартиришлар қимматроққа тушади.
Максим Олтяннинг фикрича, замонавий шаҳарларда пиёда юриш, спорт билан шуғулланиш ва табиат қўйнида вақт ўтказиш доимо автомобилдан фойдаланишдан кўра қулайроқ бўлган шароитларни яратиш зарур.
Мисол тариқасида у Тошкентдаги Марказий парк ва Экопаркни бирлаштириш лойиҳасини келтирди. Гап фақат яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳақида эмас, балки улар ўртасида пиёдалар йўналишини яратиш ҳақида ҳам бормоқда.
«Агар биз паркларни одамлар нафақат аттракционларда учиши, балки дарахтлар остида вақт ўтказиши, йога билан шуғулланиши ёки ити билан сайр қилиши мумкин бўлган чизиқли объектлар сифатида яратсак, бу шаҳарни соғломроқ қилади. Шаҳар муҳитини яхшилаш ментал соғлиқ ва ҳаёт сифатига таъсир қилади, шунингдек, умр кўриш давомийлигининг ошишига хизмат қилиши мумкин», — деб ҳисоблайди архитектор.
У умумий манфаатлар атрофида бирлашган жамоаларни (сообщество) ривожлантиришни яна бир муҳим йўналиш деб атади. Унинг сўзларига кўра, бундай модель Ўзбекистоннинг анъанавий маданиятида маҳалла шаклида аллақачон мавжуд, аммо унинг имкониятларини кенгайтириш мумкин.
«Агар биз одамлар нафақат ош атрофида, балки югуриш, сайр қилиш ва бошқа машғулотлар учун ҳам тўпланиши қизиқарли бўлишини таъминлай олсак, бу ҳаёт сифатини ўзгартиради. Биз соғломроқ ва бахтлироқ жамиятга эга бўламиз, шаҳарларимиз эса фаол ва ижодкор одамлар учун жозибадорроқ бўлади», — деб қайд этди Олтян.
Муҳокама иштирокчилари, шунингдек, нима учун ҳатто яхши ўйланган wellness-макон концепцияси ҳам ҳар доим ҳам муваффақиятли натижага олиб келмаслигини муҳокама қилишди.
Тамара Самадованинг сўзларига кўра, нафақат интерьер ва архитектура ечимлари, балки маконнинг таклиф қилинаётган маҳсулотга, сервис сифатига ва лойиҳанинг дастлабки ғоясига қанчалик мос келиши ҳам муҳимдир. Лойиҳалашда табиий ёритишни, ишлатиладиган материаллар ва ранглар миқдорини, шунингдек, инсоннинг хонада узоқ вақт бўлиши қанчалик қулайлигини ҳисобга олиш зарур.
Фаррух Зокиров, ўз навбатида, фитнес ва wellness-ҳудудларнинг хусусиятларини бино концепциясини ишлаб чиқиш босқичидаёқ ҳисобга олиш зарурлигига эътибор қаратди. Масалан, фитнес-клубларни жойлаштиришда овоз изоляцияси, акустика ва бошқа техник параметрларни эътиборга олиш муҳим. Спорт ускуналарининг тушиб кетишидан чиқадиган шовқин бинонинг пастки қаватларида ишлайдиган ёки дам олаётган одамларга халақит бериши мумкин.
Агар бундай маконлар лойиҳада энг охирида пайдо бўлса, уларга кўпинча тўлақонли жисмоний фаоллик учун мўлжалланмаган ноқулай жойлар ажратилади, деб қайд этди спикер.
Зокировнинг фикрича, соғлиқни сақлашга замонавий ёндашув аста-секин касалликларни даволашдан уларнинг олдини олишга демоқда. Инсонга жисмоний фаолликни сақлашга, тўғри овқатланишга, ҳордиқ чиқаришга ва бошқа одамлар билан мулоқот қилишга ёрдам берадиган маконлар тобора катта аҳамият касб этмоқда. У Эмилия-Романья регионидаги Италиянинг Wellness Valley лойиҳасини мисол қилиб келтирди. Унинг концепцияси жисмоний фаоллик инфратузилмаси, жумладан, велосипед ва пиёдалар йўналишлари, парклар ва жамоат спорт маконлари ҳисобига ҳудудни ривожлантиришни назарда тутади.
Максим Олтян САД студияси Индонезияда мавжуд бўлган тажриба мисолида Ўзбекистонда wellness-қишлоқлар лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини ўрганаётганини айтди. Гап инфратузилмаси бошиданоқ соғлом турмуш тарзи ва манфаатлар бўйича жамоалар атрофида қурилган турар жой ва жамоат маконлари ҳақида бормоқда.
Унинг сўзларига кўра, бундай ёндашув шаҳар ва шаҳар атрофи кўчмас мулкини ривожлантириш йўналишларидан бирига айланиши мумкин, чунки одамларнинг талаблари ва уларнинг қулай ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ўзгариб бормоқда.

