Лайфстайл

Замонавий қурилишда анъанавий ўзбек уйларидан нималарни ўрганиш мумкин? Экофестивалдан архитектор тавсиялари

ъЯшил уйимъ экофестивалида архитектор Меҳринисо Исмаилова анъанавий ўзбек уйларининг иқлим ва қадриятларга мос дизайн кодлари, улардаги ечимларнинг замонавий биноларга кўчиши ҳақида сўз юритди. Шунингдек, уй қуриш ёки харид қилишда эътибор бериш лозим бўлган муҳим жиҳатларга ҳам тўхталди.

Замонавий қурилишда анъанавий ўзбек уйларидан нималарни ўрганиш мумкин? Экофестивалдан архитектор тавсиялари

29-август куни Тошкентдаги Локомотив боғида ўтган “Яшил уйим” экологик фестивалида архитектор, Италиянинг Парма университети магистранти Меҳринисо Исмаилова маъруза қилди. Унда анъанавий ўзбек уйларининг ўзига хос жиҳатлари, архитектураси, дизайни ва маданий кодлари, шунингдек, улардаги ечимларнинг замонавий уйларга қандай кўчиб ўтаётгани ҳақида сўз юритилди.

Архитекторнинг айтишича, анъанавий уйлар доимо табиат ва экология билан уйғун бўлгани учун экофестивалда айнан шу мавзу танланган. “Мазкур маъруза академик тадқиқот эмас, балки фестивалнинг умумий мақсадига мос равишда архитектуравий нуқтаи назардан ёндашилган билимлардир”, — дейди у.

Ҳозир мен магистратурада тадқиқ қилаётган мавзулар Ўзбекистонда ҳам долзарб бўлгани сабабли уларга биргаликда ечим излаймиз. Кимдир ҳовлида, кимдир кўп қаватли уйларда яшаши мумкин, бироқ уларда кўриб туриб, эътибор бермайдиган элементлар бор.

Бизнинг анъанавий ҳовли уйларимиз лойиҳалари иқлим ва қадриятларимиздан келиб чиқиб тузилган. Аввало уй қуришдан олдин жой белгиланади. Ҳамма анъанавий уйларимизнинг юраги — ҳовли ҳисобланади.

Илгари ҳовли қуришдан олдин “қуёш қаердан чиқади?”, “шамол қаердан келади?”, “ёзда қаерда кўпроқ салқин бўлади ёки совуқликни қандай пайдо қилиш мумкин?”, “қишда иссиқликни қандай сақлаш мумкин?”, “оила қаерда бирга вақт ўтказишни хоҳлайди?” каби саволлар қўйилган. Уларга жавоб топиб, уйлар барпо этилган.

Ўзбекистон уйларидаги ҳовлилар ҳар бир вилоятда турли жойлашувга эга бўлиши мумкин. Тошкентдаги анъанавий уйларда ҳовли ўртада жойлашса, Бухоро тарафларда уйнинг олди ёки орқасида бўлади. Иқлим ва қадриятлар ҳудудга қараб ўзгаргани учун лойиҳаларда ҳам бир-бирини такрорламайдиган ўзига хосликлар бор.

Демак, таҳлил қиламиз. Аввало қуёшнинг тушишига эътибор бериш керак. Бунинг учун асосий географик йўналишлар — шимол, жануб, шарқ ва ғарбни белгилаб оламиз. Қуёш шарқдан чиқиб, ғарбда ботади. Ёзнинг иссиқ пайтида эса ўртароқда айланади. Булар бошланғич билимлар бўлиб, биринчи босқич шуларга таянган ҳолда бошланади.

Ҳовли қурилганда энг кўп қуёш тушадиган томон жануби-шарқий қисм ҳисобланади. Бу нуқта иссиқ бўлгани учун қарама-қарши шимол томондан салқин шамол келади. Аслида шамол ўзгарувчан нарса, лекин энг кўп салқинликни ҳар доим шимолий томонда учратиш мумкин.

Биласиз, ҳозир ҳамма жойда ҳам ҳовли қурилмаяпти, одамлар замон ўзгаргани сайин кўп қаватли уйларга ўтишяпти. Бу эса анъанавий уйларимиз принсипларини қайта кўриб чиқиш заруратини туғдиради. Улардаги кўплаб ечимларни кўп қаватли уйларга кўчириш мумкин. Шу орқали қадриятларимизни замонга мослаштирибгина қолмай, ўзбек уйларидаги маданий кодларни ҳам сақлаб қоламиз.

Қолаверса, анъанавий уй деганда фақат устунларига нақшлар ёзиш ёки гумбазлар қўйишни тушунмаслик керак. Масалан, кўп ҳовлиларда кичик дам олиш ҳудуди (мини-патио) қурилади. Унда иккита диванча ёки стол-стул қўйиб, чой ичиш ҳудуди яратиш мумкин. Айрим кўп қаватли офисларда бинолар ўртасига кичкина яшил ҳудуд қилиб, яшил атриум (кўп қаватли йирик биноларнинг ичидаги шаффоф ойна ёки гумбаз билан ёпилган, тепадан қуёш нури тушиб турадиган кенг марказий даҳлиз ёки зал) яратишади. Мана буни ҳовлининг янги талқини дейиш мумкин.

Анъанавий ечимларни замонавий уйларга кўчиришда Тошкентда Космонавтлар метроси яқинидаги “Марварид” (“Жемчуг”) кўп қаватли уйи энг чиройли намуна ҳисобланади. Ундаги ҳар уч қаватда битта ҳовли мавжуд. Архитектор миллийлигимиз принсипларига таянган ҳолда мазкур экспериментал уйни қурган.

Анъанавий уйлардаги иккинчи муҳим элемент — айвон. Айвон — бу ҳозирги кондиционер. Анъанавий уйларимизда айвон уйдан бир устунга баланд қурилган бўлади. Бу шабада эсиши ва уйнинг таги қизиб кетмаслигига ёрдам беради. Демак, айвонларимиз физик, аеродинамик, ҳаво алмашинуви каби илмларга таянган ҳолда яратилган.

Айвонларни кўча билан ичкари ёпиқ ҳудудни боғловчи коридор деб ҳам аташ мумкин. Чунки айвон ярим очиқ жой бўлиб, ҳавони секинлик билан киргизади ва бунинг натижасида қишда ичкари хоналар иссиқликни, ёзда салқинликни ушлаб туради.

Ички балконлар эса кўп қаватли уйлардаги айвоннинг замонавий талқини. Балкон ҳам икки хил бўлади, ташқи балкон айвон ҳисобига кирмайди. Совет даврида қурилган барча тўрт-беш қаватли уйларда ички балконлар бўлган. Лекин афсуски, бугунга келиб аксар уй эгалари уларни ёпиб, хона сифатида фойдаланишади. Натижада уйда ҳаво алмашинувини табиий равишда таъминловчи қисм йўқотилган.

Шунингдек, бугун қуёш панелларидан ҳам фойдаланишади. Улар ҳам фасадга қўйилади, айвоннинг вазифасини минимал даражада бажариб, қуёшдан сақлай олади.

Учинчи элемент — иқлим билан тўғри муносабат қилишга ёрдам берадиган қалин деворлар. Олдинги анъанавий уйларда ташқи деворларнинг қалинлиги 450−500 миллиметр бўлган. Мавсумга қараб иссиқ ёки совуқ ҳаво деворга қаттиқ урилганда, қалин деворлар уларнинг ичкарига ўтишини секинлаштирган.

Лекин қалин деворлар кўп жой эгаллагани ва бинони оғир қилгани сабабли, кўп қаватли осмонўпар биноларда девор орасига термал масса (қалин деворларнинг вазифасини бажарувчи “ақлли” иссиқлик тизими) ёки иссиқлик изоляцияси ўрнатилади. Улар деярли жой эгалламасдан туриб қалин деворларнинг вазифасини бажара олади.

Тўртинчи элемент — эшик ва деразалар. Қаерда эшик-дераза қўйилса, ўша ердан шамол ва иссиқлик тўғридан-тўғри киради.

Битта дераза фақат шамол киришига ёрдам беради. Лекин шамолнинг қаердан чиқиб кетишини ҳам ўйлаш керак. Акс ҳолда, уйда димлик пайдо бўлади. Шунинг учун хонага яна битта дераза қўйиш орқали шамолни лойиҳалаш мумкин.

Маъруза иштирокчилари. Фото: Кристина Романова / “Яшил уйим”

Қуёш тикка тушганда, асосан туш пайти ҳовли исийди. Кечга бориб шамол келганда пастга йиғилган иссиқ ҳаво тепага кўтарилади. Агар деразалар қарама-қарши ҳолатда тўғри қўйилса, иссиқ ҳавони ташқарига итаради ва ҳаво айланиши бошланади.

“Ахир аксар кўп қаватли уйларда ҳар бир хонада иккитадан дераза қўйилмайди-ку”, деган савол туғилиши мумкин. Қандай уй бўлишидан қатъи назар, лойиҳалашда уч тур ҳаво алмашинуви мавжуд: тўғридан-тўғри шамоллатиш (битта деразали хоналар учун), бурчакли шамоллатиш (ёнма-ён деворлар орқали), диагонал шамоллатиш (қарама-қарши деворлар орқали кесиб ўтувчи). Уйнинг лойиҳа ва жойлашув имкониятларидан келиб чиқиб, улардан бири танланиши мумкин.

Ухлаш осон ва уйқу сифатли бўлиши учун ётоқхона кўпроқ қоронғироқ бўлиши керак. Бунинг учун қуёш урувчи энг иссиқ томонга айвон қурилади, юқорида айтганимиздек, у иссиқликни салқин қилиб киргизади. Шимолий тарафга дам олиш ва ётоқхона хоналари жойлаштирилади. Ошхона ёки меҳмонхоналар эса айвондан ташқарида ҳам жойлашиши мумкин.

Булар табиат ва иқлимдан келиб чиққан қоидалар. Кимдир тонгда эрта туриш учун қуёш тушадиган томонда яшашни яхши кўрса, шунга қараб лойиҳалаши мумкин.

Агар кўп қаватли уйлар тўғридан-тўғри қуёш тушадиган томонда қурилса, ўша тарафда ички балконлар яратиш зарур. Улар қуёш нури ўтишини тўсади ва салқинлик беради. Орқа томондан эса шамол киради. Уни тўғри йўналтириш учун ойна қўйиш мумкин. Аксинча, ойна ён томонларга қурилса, иссиқликнинг тўғридан-тўғри киришига олиб келади. Аммо булар бино қурилаётганда қилиниши керак, кейинчалик уни сотиб ёки ижарага олганлар архитектурасини ўзгартиролмайди.

Масалан, Миробод туманида тўрт қаватли баланд бўлмаган бинонинг фасадлари фақат ойна билан ўралган. Бинонинг атрофи дарахтзор бўлишига қарамай, тўртинчи қаватини ижарага олганлар ички томондан иссиқлик изоляцияси билан беркитишга мажбур бўлган. Бу фасад дизайнини жуда хунук кўрсатади. Лекин уларда ҳам айб йўқ, чунки ичкарида хоналарни ишлатишнинг иложи бўлмаган. Бу бизнинг қуёшли иқлимга фақат ойнадан иборат фасадлар тўғри келмаслигини кўрсатади. Уларни ярим ёпиқ қисмларга алмаштириш мумкин.

Уй қуриш учун энг яхши материал — исталган турдаги ғишт. Ғишт қалин ва зич бўлгани ҳисобига ҳарорат ўтишини секинлаштиради. Аммо бугунги кунда ғишт экологик жиҳатдан қиммат материал бўлгани боис “газоблок” (юқори босимда пиширилган, ғовакли енгил бетон) ва “пеноблок” (кимёвий кўпик ёрдамида тайёрланган қурилиш блоки) материаллари ҳам ишлатилмоқда. Улар иссиқлик ва совуқликни тез ўтказгани сабабли ишлатилганда, албатта, замонавий изоляциялар ҳам ўрнатилиши керак.

Ҳозир деворларга қалин “обой”лар ёпиштириш оммалашган, аммо уларнинг ҳисобига девор нафас олмайди. Девор учун энг яхши ва ҳаво айлантирувчи нарса бўёқлар ҳисобланади. Биринчидан — янгилаш осон, иккинчидан — ҳозир бўёқларнинг ҳам турлари кўпайган. Аммо уларда лак миқдори қанча кам бўлса, шунча фойдали. Лак ҳам пластикнинг бир тури, ёпишган жойида ҳаво ўтказмайди. Ёки оддий тахта панеллар ҳам девор учун мақбул вариант.

Кузатишларим давомида шуни англадимки, кўпчилик иккинчи даражали материаллар, хусусан, безакларга эътибор беради. Чунки улар кўз билан кўрилади-да. Лекин янги хонадон сотиб олаётганда биринчи навбатда бино нималардан қад ростлагани, деворнинг материали ва қалинлигига қизиқинг.

Маъруза иштирокчиларидан бири 50 йил олдин ғиштдан ва қалин деворли қилиб қурилган тахтали уйида ташқаридаги 40 градус иссиқда ҳам кондиционерсиз бемалол яшай олгани, қишда эса электр ва иситиш тизими 24 соат ўчганда ҳам уй иссиқ сақланиб, ноқулайлик туғдирмаганини таъкидлади. Мана шу жонли мисолдан ҳам кўришимиз мумкинки, бугунги кунда электр ва газдан узилишлар кузатилаётган бир пайтда тўғри қурилган уй инсонни қийин аҳволда қолдирмайди.

Айвон ёки балкон қилинмаган уйлар хоналарини ёпиш учун парда қилишади. Пардадан кейин эса кондиционер ёқмасликнинг иложи йўқ. Бу иқтисодий жиҳатдан икки ҳисса ва давомий сарфлаш дегани.

Қолаверса, аксариятимиз хона қизиса, биринчи навбатда кондиционер ўрнатиш ва ёқишни хоҳлаб қоламиз. Аслида аввало шамоллатиш воситаси бўлган ойналарни тўғрилаш, уларнинг яқинига дарахт экиш ёки нимадир ўстиришни режалаштириш керак. Бу билан табиий ҳаво айланишини таъминлаймиз.

Дарахт тури ер ва тупроққа боғлиқ. Тошкентда тупроқ нам бўлгани учун вариантлар кўп, ёғингарчилик кам бўлган Қорақалпоғистон ва Хоразм тарафларда эса сувсизликка чидамли гужум дарахти энг яхши танлов ҳисобланади. Умуман, қаерда қандай дарахт экиш бўйича ландшафт дизайнерларидан маълумот олиш яхшироқ.

Яна юқоридаги гапни такрорлайман: кондиционер, совитиш, иситиш воситалари ёки безаш дизайнлари иккинчи даражада туради. Биз уларга катта пул тиккан тақдиримизда ҳам биринчи даражадаги омиллар — шамолни айлантириш, ҳавони тўғри йўналтириш, ҳавони лойиҳалашни тўкис ва тўғри қилмаган бўлсак, ҳаётимиз қийинлашишда давом этади.

Энди бир чиройли ўйинимиз бор. Сунъий интеллект турли жабҳаларда ҳаётимизни осонлаштирмоқда. Фақат ундан тўғри фойдаланиш керак. Биз магистратура таълими давомида ҳам унга мурожаат қилиб турамиз. Мен тақдим қилаётган ҚР код орқали Телеграм каналга ўтасиз, у ерда промпт ёзилган. Промпт узун бўлгани учун иккига бўлиниб қолган. Уларнинг иккисини ҳам нусха олиб, бирданига ЧатГПТъга юборасиз. У сизга тегишли саволлар беради, уларга жавоб берганингиздан сўнг, сизнинг тасаввурингиздаги анъанавий уйнинг моделини тақдим этади.

Сунъий интеллект, албатта, сиз учун уй қуриб бера олмайди, аммо хоҳишларингизни таҳлил қилиши мумкин. Уйингизни қандай услубда қуришни хоҳлаяпсиз, унинг кўриниши қандай бўлади, қаерда ётоқхона, қаерда чой ичиш ёки бошқа хоналарни қилмоқчисиз — шунинг хомаки вариантини яратиб беради. Охирида тайёр ҳовлининг бошланғич лойиҳасини олиб, архитекторларга ўз ғоянгизни билдиришингиз мумкин. Яна бир бор такрорлайман, у мукаммал лойиҳа яратмайди, шунчаки тасаввурингизни тасвирда гавдалантириб беради холос. Уй лойиҳалаш ва қуришда, албатта, ўзининг профессионал мутахассисларига мурожаат қилиш лозим.

Маърузам орқали архитектурага оид илмий атамаларни тушунтирмоқчи эмасдим. Уй қуриш ва танлашга алоқадор энг бошланғич билимларни оддий одамларга ҳам тушунарли тилда етказишга уриндим. Зеро, ҳар биримиз ўз ҳаётимиз учун архитектор бўлган ҳолда тўғри фикрлашимиз лозим. Чунки архитектор тўғри уй қургани билан ундан оқилона фойдаланилмаса, меҳнат, пул, инсон энергияси ҳавога совурилиши ҳеч гап эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.