Яширин реклама жойлаштирган 20 дан ортиқ блогер ва тармоқ фаолларига чора кўрилди
Рақобат қўмитаси йил бошидан буён ижтимоий тармоқларда рекламани “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси билан ажратмаган 20 дан ортиқ гуруҳ ва канал маъмурлари, блогер, вайнер ва бошқа тармоқ фаолларига таъсир чоралари қўлланганини маълум қилди.

Яширин реклама жойлаштирган 20 дан ортиқ блогер ва тармоқ фаолларига нисбатан чора кўрилди
Рақобат қўмитаси йил бошидан бери ижтимоий тармоқларда рекламани бошқа ахборотлардан ажратмаган, “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” деган белги қўймаган 20 дан ортиқ гуруҳ ва канал маъмурлари, блогер, вайнер ҳамда бошқа тармоқ фаолларига таъсир чоралари қўлланганини билдирди.
Қўмита маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда реклама берувчилар оммабоп канал ва платформаларда реклама жойлаштиришга тобора кўпроқ интилмоқда. Бундай ҳолатда реклама ахборотини оддий материаллардан ажратиш ва унинг реклама эканини аниқ кўрсатиш талаб этилади.
“Реклама тўғрисида"ги қонунга биноан, реклама “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси билан бошқа ахборотдан ажратилган ҳолда жойлаштирилиши керак. Агар таҳлилий мақола, шарҳ, фикр ёки мулоҳазада тижорат мақсади бўлса, у ҳам реклама сифатида аниқ белгиланиши лозим.
Шунга қарамай, қўмита ижтимоий тармоқларда ушбу талабларга риоя этилмаётган ҳолатлар кўп учраётганини қайд этди. Хусусан, реклама эканини билдирувчи тегишли белги қўйилмаслиги ва реклама идентификацияси талабларига амал қилинмаслиги аниқланган.
Ана шундай қонунбузилишлар бўйича ўтган давр мобайнида ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган 20 дан ортиқ гуруҳ ва канал маъмурлари (админлари), блогер, вайнер ҳамда бошқа тармоқ фаолларига тегишли таъсир чоралари қўлланган.
Рақобат қўмитаси ОАВ вакиллари, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва канал маъмурлари, блогерлар, вайнерлар ҳамда бошқа тармоқ фаолларини ахборот тайёрлаш ва тарқатишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди. Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, белгиланган тартибда чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Аввалроқ Солиқ қўмитаси блогерлар даромадларини ҳисобга олиш учун онлайн-рекламани маркировка қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Қўмитага кўра, бундай маркировка блогерлар қанча реклама жойлаштириши ва уларнинг даромади қанча эканини аниқлаш имконини беради.
2026-йил февралида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси делегацияси блогерлар даромадлари устидан солиқ назорати амалиётини ўрганиш мақсадида Россия Федерал солиқ хизматига ташриф буюрганди.
Ўзбекистонда 2025-йилда блогерларнинг реклама фаолияти мамлакат ЯИМ таркибида расман ҳисобга олинди.
Бозор ҳажми 62 млн долларга баҳоланган.
Шунингдек, Ўзбекистонда обуначилари сони 3 миллиондан ортиқ бўлган блогерлар 2025-йил давомида 2,7 млрд сўм даромад топиб, буджетга 110,4 млн сўм солиқ тўлаган.

