Маҳаллий

Янги Қаршида халқаро форумлар учун конгресс-холл қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Қарши шаҳрини барпо этиш ва Қарши магистрал канали бўйида туристик комплекс ташкил этиш лойиҳалари билан танишди, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати ахборотида.

Янги Қаршида халқаро форумлар учун конгресс-холл барпо этилади

«Янги шаҳар қурилиши учун А-378 «Самарқанд – Ғузор» автомобиль йўли ва Шаҳрисабзга олиб борувчи 4Р-79 трассаси ўртасида жойлашган 5 минг 200 гектар майдон танлаб олинди. Ушбу ҳудуд паст бонитетли, фойдаланилмаётган чўл ва яйлов ерларидан иборат. Дастлабки бош режа 500 минг аҳолига мўлжалланган»,

—

дейилади матнда.

Давлат раҳбари янги шаҳарни истиқболда 1 миллион аҳолига мўлжалланадиган ва Қаршининг замонавий давомига айланадиган йирик марказ сифатида лойиҳалаштириш зарурлигини таъкидлади.

У ерда вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат идораларини жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, конгресс-холл, концерт заллари ва меҳмонхоналар қурилади. Янги комплекс Самарқанд ва Бухорода ўтказилаётган каби йирик халқаро форумларни ўтказиш майдонига айланиши керак.

«Транспорт тармоғи шаҳарни бошқа ҳудудлар билан қулай боғлашни таъминлаши зарур. Президент аэропорт ва темир йўл вокзалини янги шаҳар билан боғлайдиган жамоат электротранспортини, зарурат туғилганда эса ерусти метросини ишга тушириш зарурлигини кўрсатиб ўтди»,

— дея аниқлик киритилди матбуот хизматида.

Шунингдек, тақдимот давомида Қарши магистрал канали бўйлаб сайёҳлик комплекси лойиҳаси кўриб чиқилгани маълум қилинди. Уч километрлик зонани яратиш учун 235 гектар ер ажратилган. Лойиҳани тўрт босқичда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда 30 гектар майдонда ҳунармандлар шаҳарчаси қуриш ва сайёҳлик зонасини яратиш кўзда тутилган.

Комплекс таркибида меҳмонхоналар, ресторан ва дўконлар, музей, аквапарк, болалар ўйин майдончалари қуриш, шунингдек, қайиқда сайр қилиш мумкин бўлган сунъий кўл ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Президент хавфсизлик, қулайлик, фойдалана олиш имконияти ва «аклли шаҳар» тамойилларини асос қилиб олган ҳолда, етакчи хорижий лойиҳалаш ва архитектура компанияларини жалб этган учрашда янги шаҳарнинг бош режаси ва сайёҳлик комплексининг мастер-режасини пухта ишлаб чиқишни топширди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.