Янги Мицубиши Пажеро тақдим этилди
Япониянинг Мицубиши компанияси Пажеро автомобилининг янги авлодини тақдим этди. Мазкур йўлтанламас рама конструксияли, дизел двигателли ва уч қаторли салонга эга бўлди.

**Янги Мицубиши Пажеро намойиш этилди**
Мицубиши ишлаб чиқарилиши 2022-йилда тўхтатилган Пажеро йўлтанламасининг янги авлодини тақдим қилди.
**Замонавий Мицубиши моделлари руҳидаги дизайн**
Мицубиши янги Пажеро аввалги авлодлар билан алоқадорлигини таъкидлаётган бўлса-да, улар орасида аниқ визуал ўхшашликлар унчалик кўп эмас. Йўлтанламас энсиз фаралар, катта радиатор панжараси ва кенгайтирилган ғилдирак аркаларига эга бўлди. Бироқ автомобил ташқи кўринишида марканинг замонавий моделлари, хусусан, Дестинатор ва Хфорсе билан умумий жиҳатлар анчагина.
Комплектациясига қараб, автомобилга ўлчами 255/55 Р20 бўлган Тоё Опен Соунтрй Ҳ/Т ёки Бридгестоне Дуелер Ҳ/Т шиналари ўрнатилади.
Шу билан бирга, аввалги Пажеро ўзига хос белгиларидан бирини йўқотди: захира ғилдирак орқа эшикдан автомобил тагига кўчирилди.
Ўлчамлари жиҳатидан янги Пажеро йирик йўлтанламасга тўлиқ мос келади: узунлиги 4920 мм, эни - 1925 мм, баландлиги - 1910 мм. Ғилдираклар базаси 2870 мм, олд ва орқа ўқлар орасидаги масофа эса 1630 мм га етади.
**Экранлар ва тугмалар уйғунлиги**
Янги Пажеро интерери иккита дисплейли катта олд панел атрофида шакллантирилган. Қиммат версияларда ягона блокка бирлаштирилган 14,3 дюймли экрандан фойдаланилган. Ҳамёнбоп комплектацияларда эса 12,3 дюймли панел ўрнатилган.
Рақамли асбоблар панели мураккаб йўллардан ўтишда ёрдам берадиган маълумотларни кўрсата олади. Экранда денгиз сатҳидан баландлик, компас кўрсаткичлари, ташқи ҳарорат, ён оғиш ва тангаж бурчаклари ҳамда бурилишни фаол бошқариш тизимининг ишлаши ҳақидаги маълумотлар акс этади.
**Уч қаторли ўриндиқлар ва ўзига хос пардоз**
Асбоблар панели ва эшикларни пардозлашда Мицубиши Япониянинг кимекоми техникасидан илҳом олган. Бу ёғоч ёки бошқа материалдан тайёрланган асосга мато бўлакларини ёпиштириб, безак буюмлари яратиш усулидир. Шу сабабли юмшоқ юзалар кўп қатламли фактурага эга бўлади.
Иккинчи қатор йўловчилари учун кенг созлаш имкониятлари мавжуд. Диванни олдинга ва орқага 150 мм гача суриш мумкин. Шунингдек, улар учун ён ойналарда қуёшдан ҳимояловчи пардалар, ён ўриндиқларни иситиш тизими, алоҳида иқлим назорати зонаси, маиший розетка ва иккита УСБ–С порти назарда тутилган.

