Яна қурилишдаги фирибгарлик: бу сафар “Измир Арт Строй”

Яна қурилишдаги фирибгарлик: бу сафар “Измир Арт Строй”
Тошкент шаҳрида “Измир Арт Строй” МЧЖ томонидан бошланган “Жарқўрғон”, “Неом Товер” ва “Келажак уйлари” номли 3 та турар жой лойиҳаси ўз вақтида якунланмагани сабабли харидорлар бир неча йилдан бери сарсон бўлиб келмоқда. Харидорлар Яшнобод тумани ҳокимлиги ҳамда шаҳар прокурорига кўплаб мурожаатлар юборган.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат Тошкент шаҳри прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмонов ва Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Рахмонқуловнинг шахсий назорати остига олинган, уларнинг ташаббуси билан лойиҳаларни давом эттириш учун “Глобал Пипе Траде” компанияси жалб этилган. Компания раҳбари Камолиддин Алламуратов эски қурилиш компаниясининг мажбуриятларини, жумладан, 10 миллиард сўмлик кредиторлик қарзларини ҳам ўз зиммасига олган.
Ҳозирда “Измир Арт Строй” раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва иқтисодий судда иш бошланган. Аниқланишича, компания ҳисобида деярли маблағ қолмаган, унинг умумий қарз мажбуриятлари эса 13 миллиард 347 миллион сўмни ташкил этади. 2026-йил июнида қўзғатилган фирибгарлик иши доирасида 400 дан ортиқ фуқаро жабрланувчи сифатида тан олинган бўлиб, умумий зарар 173 миллиард сўмга етган. Прокуратура маълумотига кўра, компания раҳбари Гулнора Ҳакимова ҳибсда, молиявий масалаларни бошқарган Акмал исмли шахс ва яна бир неча киши қидирувда.
Маълум бўлишича, аксарият харидорлар компанияга 150 миллиондан 500 миллион сўмгача пул тўлаган, бироқ қурилиш ишлари бундан бир йил олдин тўхтаб қолган. Шунга қарамай, компания вакиллари Телеграм гуруҳларга гувоҳлик берувчи сохта хабар ва видеолар тарқатиб келган. Учта лойиҳада жами 2688 та хонадон қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг қарийб 90 фоизи сотиб бўлинган.
Янги жалб этилган қурувчи компания вакилининг айтишича, улар 3 та лойиҳадаги сотилмаган нотурар жойлар ҳамда ҳали тўланмаган 120 миллиард сўм маблағ ҳисобидан фойда кўришни режалаштирган. Ушбу пуллар учун махсус янги ҳисоб рақам очилиб, маблағлар фақат уйларни битказишга сарфланади. Ҳозирда “Келажак” лойиҳасида муаммо мавжуд: 9 қаватли уй қуриш рухсатномасига қарамай, олдинги раҳбарлар ўзбошимчалик билан 10-қаватни қуриб юборгани ва бу қаватдаги хонадонлар ҳам сотиб юборилгани аниқланган.

