Маҳаллий

Измир Арт Строй можароси: раҳбар қамоққа олинди, қурилишни янги компания давом эттиради

Тошкентдаги Измир Арт Строй МЧЖ қурилиш компанияси масъулларига жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирча жабрланувчилар сони 1530 нафар, ҳисобланган зарар — 287 млрд сўм. Компания директори қамоққа олинди, 3 киши қидирувга берилди. Пойтахт прокурори ва Яшнобод ҳокими фуқаролар билан учрашди. Газета репортажи.

**Измир Арт Строй можароси: раҳбар қамоққа олинди, қурилишни янги компания давом эттиради**

15-сентабр куни Тошкентдаги Измир Арт Строй МЧЖнинг турар жой мажмуаларидан хонадон харид қилиш учун шартнома тузиб, пул тўлаган, бироқ уйларига эга бўлолмаётган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда пойтахт прокурори Анвар Ўрмонов ҳамда Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов иштирок этди.

Учрашувда муаммо пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган учта лойиҳа — Жарқўрғон кўчасидаги Измир Ҳоусе, Оҳангарон шоҳкўчасидаги Неом Товер ва Келажак уйлари мажмуалари билан боғлиқлиги айтилди.

Измир Ҳоусе лойиҳасида 1152 та, Неом Товер ва Келажак уйлари мажмуаларида эса жами 1536 та хонадон қурилиши режалаштирилган. Кўп қаватли уйларнинг қарийб 90 фоизи бўйича шартномалар тузилиб, хонадонлар сотилган. Бироқ қурилишлар белгиланган муддатда якунланмагани фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлган. Жабрланувчиларнинг мурожаатларидан сўнг, компания фаолияти юзасидан 2026-йил 25-июн куни Измир Арт Строй МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, ушбу МЧЖ мансабдор шахслари бир нечта турар жой мажмуаларидан хонадон олишни истаган 1530 нафар фуқаро билан шартнома тузиб, олдиндан тўлов сифатида 287 млрд сўмни нақд ва ўтказма йўллар билан қабул қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ҳозирга қадар жиноят иши доирасида 552 нафар фуқаро сўроқ қилинган.

Анвар Ўрмонов учрашувда жиноят иши бўйича тергов давом этаётганини билдирди.

Унинг айтишича, компаниянинг расмий директори бўлган Г.Ҳ. қамоққа олинган. Қурилишни “парда ортида бошқарган ва молиялаштирган” деб кўрсатилган норасмий директорлар — А.М., З.И. ва З.K.ga нисбатан эса қидирув эълон қилинган.

Прокурорнинг сўзларига кўра, муаммо кўтарилгач, мазкур шахслар хорижга чиқиб кетган ва терговга келмаган. Шу сабаб уларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

“Сиз, фуқаролар, билан маслаҳатлашиб, уларга имконият бердик, келиб қурилиш жараёнларини якунига етказишлари учун шароит яратишга қарор қилдик. Аммо бир ой ўтди — улар келмади. Шунинг учун бугун (15-сентабр — таҳр.) уларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланди. Бу ҳали улар қамоққа олинди дегани эмас. Қидирувга берилди. Суд санксияси билан, ушланган куни қамоққа олинади ва изоляторга жойлаштирилади”, — деди прокурор.

Шундан кейин у янги қурувчи билан илк бор учрашаётганини айтиб, обьектларни қандай ва қайси маблағлар ҳисобидан якунлаш режалаштирилаётганини сўради.

Муаммоли обьектларни қуриб битказиш учун тадбиркор Камолиддин Алламуратов раҳбарлигидаги Глобал Пипе Традер компанияси жалб этилган.

Учрашувда сўз олган Алламуратов ўзини Сурхондарёдан келган йирик кластер вакили сифатида таништирди. У экспорт, чорвачилик, деҳқончилик ва қурилиш йўналишларида фаолият юритишини айтди. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, компания Измир Арт Стройдан қолган чала обьектларни қуриб битказиш бўйича келишувга эришган.

У обьектлар қабул қилиб олингач, ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш, лойиҳаларни тиклаш ва қурилишни босқичма-босқич давом эттириш ишлари бошланганини қайд этди.

Тадбиркорнинг айтишича, компания ҳозиргача қурилиш учун фуқаролардан янги маблағ олмаган ва ишлар компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан олиб борилмоқда. Шунингдек, қурилиш материаллари етказиб берувчи корхоналар билан тўғридан тўғри шартномалар тузилган.

“Бизнинг асосий мақсадимиз — одамларга уйини тезроқ битказиб бериш. Ҳозиргача бирор фуқародан бир сўм пул олганим йўқ”, — деди тадбиркор.

Алламуратовнинг сўзларига кўра, компаниянинг шахсий ҳисобида ҳозир 10 млн доллар маблағ мавжуд.

У қурилишни кенгайтириш учун қўшимча ищилар ва техника жалб қилиш режалаштирилаётганини айтди. Жумладан, кранлар сонини кўпайтириш, бетон, арматура ва газоблок етказиб беришни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Бахтиёр Раҳмонқуловнинг айтишича, Жарқўрғон кўчасидаги саккизта ва Оҳангарон шоҳкўчасидаги бешта — жами 13 та блок бўйича алоҳида тармоқли график ишлаб чиқилади. Унда ҳар бир блокда котлован қазиш, пойдевор, қаватлар, том ва бошқа ишлар қайси муддатларда бажарилиши кўрсатилади.

Ҳоким графиклар фуқароларга тақдим этилиб, улар қурилиш устидан жамоатчилик назоратини олиб бориши мумкинлигини билдирди.

“Ҳар бир фуқаро ўз уйини назорат қилиши осон бўлади. Қайси куни подвал қуйилади, қайси куни пойдевори қилинади, қайси куни котлован қазилади, қайси куни томи ёпилади, қайси куни ойнаси қўйилади — ҳар битта жараённи билиб туриши керак”, — деди у.

Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, янги қурувчи Измир Арт Строй МЧЖнинг аввалги фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар учун жавоб бермайди. Шу сабаб иш “оқ варақдан” бошланиши ва янги графиклар асосида назорат қилиниши керак.

Тадбиркор Камолиддин Алламуратов қурилиш обьектлари билан бирга ҳужжатлар ҳам қабул қилиб олинганини қайд этди. Айрим шартномалар топилмагани ёки ҳужжатларда камчиликлар бўлгани сабабли уларни қайта йиғиш ва хонадонма-хонадон ҳисоб-китоб қилиш ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, ҳар бир фуқаронинг қанча маблағ тўлагани ва қанча қарзи қолгани аниқланади. Тўловнинг нақд, доллар ёки банк орқали амалга оширилганидан кўра, мавжуд шартнома ва ҳисоб-китоб асосида уйни кимга бериш масаласи асосий масала ҳисобланади.

Тадбиркор обьектлар бўйича қарийб 140 млрд сўм маблағ тўланганини маълум қилди. Шундан Жарқўрғон лойиҳасига қарийб 120 млрд сўм, қолган икки обьектга эса 20 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўланган.

Унинг сўзларига кўра, бир хонадонга бир нечта шартнома тузилган ҳолатлар ҳам аниқланган.

Бундай шартномаларнинг ҳақиқийлиги тергов органлари билан ҳамкорликда текширилади.

Учрашув давомида фуқаролар икки марта сотилган хонадонлар, сохта шартномалар ва тўловларни қандай тасдиқлаш масаласини кўтарди.

Пойтахт прокурори Анвар Ўрмоновнинг таъкидлашича, айрим хонадонлар бир неча кишига сотилган бўлиши мумкин. Шу сабабли жабрланувчиларнинг аниқ сони тергов жараёнида белгиланади.

“Биз уйни тезроқ ва сифатли битиришимиз керак. Фуқароларга пулни қайтариш масаласи иккинчи даражада бўлади”, — деди прокурор.

У фуқароларга шубҳали шартнома ёки тўловга дуч келганда, тергов органларига мурожаат қилишни тавсия этди. Янги қурувчи эса ҳақиқийлиги тасдиқланган шартномалар бўйича фуқаролар билан ишлашини билдирди.

Фуқаролардан бири учта обьект бўйича маблағлар битта ҳисобрақамда жамлангани сабабли ҳар бир харидорнинг ҳисоб-китобини алоҳида юритишни таклиф қилди. Прокурор бу таклифни қўллаб-қувватлаб, ҳар бир фуқаронинг қайси хонадон учун қанча маблағ тўлагани ва қанча қарзи қолгани бўйича алоҳида ҳисоб-китоб тайёрланишини айтди.

Кейинги учрашувда мазкур ҳисоб-китоблар фамилиялар кесимида тақдим этилиши режалаштирилди. Агар фуқаро ҳисоб-китобда кўрсатилган сумма билан амалда тўлаган маблағи ўртасида фарқ борлигини билдирса, масала тергов орқали аниқлаштирилади.

Яна бир фуқаро Азия Инвест Фаворит МЧЖ муаммосига тўхталди. У ерда 2000 дан зиёд фуқаронинг муаммоси давлат аралашуви билан ҳал қилинганини айтди. Прокурор эса бу ҳолатни умумий амалиёт сифатида қабул қилмаслик кераклигини таъкидлади.

“Бу истисно бўлган. Давлат [уй] қилиб беради деган нарсани хаёлдан чиқариб ташлаш керак”, — деди Анвар Ўрмонов.

Фуқаролардан бири қурилиш чўзилгани сабабли шартномада кўрсатилган, аммо ҳозиргача тўланмаган маблағларни қайси ҳисобрақамга ўтказиш кераклигини сўради.

Яшнобод тумани прокурори Забихулла Зиёдуллаевнинг маълум қилишича, жиноят иши доирасида Измир Арт Строй ва Глобал Папер Траде ҳисобрақамлари хатланган. Уларда кирим мавжуд бўлиши, аммо чиқим чеклангани айтилди.

Унинг тушунтиришича, қурилиш учун зарур маблағ керак бўлса, қурувчи бу ҳақда тергов ва прокуратура органларига мурожаат қилади. Шундан кейин маблағ қурилиш материаллари — ғишт, темир, газоблок ва бошқа маҳсулотларни харид қилиш учун мақсадли равишда йўналтирилиши мумкин.

Ҳоким эса янги қурувчи тақдим этадиган графиклар аввал текширилиши ва кейин тасдиқланиши кераклигини айтди. У ҳар бир обьектнинг муддати реал бўлиши, фуқаролар эса унинг бажарилишини ҳафталик назорат қилиши зарурлигини таъкидлади.

Учрашувда фуқаролардан бири компания томонидан банклардан 81 млрд сўм миқдорда кредит олингани ва бу кредит доирасида хонадонлар гаровга қўйилган-қўйилмаганини сўради.

Янги қурувчи Камолиддин Алламуратов ҳам бу масалани ўрганиш зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, агар барча хонадонлар учун маблағ тўланган бўлсаю, улар гаровга қўйилган бўлса, бу ҳолат қурилишнинг кейинги тақдирига таъсир қилиши мумкин.

Ҳокимлик ва прокуратура вакиллари кредит масаласи ҳам ўрганилиши, ҳозирги асосий вазифа эса қурилишни тўхтатмасдан давом эттириш эканини билдирди.

Глобал Пипе Традер раҳбари Алламуратов тайёр бўлган обьектларни фойдаланишга топшириш учун сув ва газ тармоқларини улаш масаласи ҳам долзарб эканини айтди. Унинг маълум қилишича, айрим обьектлар қурилиш жиҳатидан тайёр бўлса-да, коммуникациялар масаласи ҳал этилмагани сабабли хонадонларни фуқароларга топшириш чўзилади.

Шунингдек, айрим биноларда лойиҳа бўйича рухсат этилган қаватлардан ортиқ қават қурилгани ва бу масала ҳам ҳал қилиниши кераклиги айтилди.

Учрашув якунида янги қурувчи Глобал Пипе Традер компаниясидан ҳар бир обьект бўйича иш ҳажми, маблағ ва муддатларни аниқ кўрсатувчи график ҳамда смета тайёрлаш талаб қилинди.

Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов кейинги учрашувни бир ҳафтадан сўнг ўтказишни таклиф қилди. Унда ҳар бир блок бўйича қурилишни қачон ва қандай маблағ ҳисобидан тугатиш режалаштирилаётгани экран орқали кўрсатилиши, фуқаролар эса савол бериш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконига эга бўлишини айтди.

Янги қурувчи ва унинг юристи ҳам ҳар бир шартнома алоҳида текширилиши, ҳақиқийлиги тасдиқланган шартномалар бўйича фуқаролар билан иш давом эттирилишини маълум қилди. Фуқаролар эса график асосида кейинги тўловларни амалга ошириши керак бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.