Маҳаллий

“Хуржунида нонлар кўп эди” — Бўстонлиқда террорчиларга кўмаклашган чўпонни фош этган ҳарбий

“Хуржунида нонлар кўп эди” — Бўстонлиқда террорчиларга кўмаклашган чўпонни фош этган ҳарбий

Кўпчилик 2000-йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тоғларида шафқациз жанглар бўлиб ўтганидан бехабар. “Қароргоҳ” кўрсатувининг 2000-йил август-сентябр ойларида Бўстонлиқ тоғларида кечган жанглар таҳлилига бағишланган сонида захирадаги подполковник Жаҳонгир Шокиров ҳарбий ҳаракатлар қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди.

2000-йил 15-август куни Бўстонлиқда жангари тўдалар чегарани бузиб ўтгани ҳақида хабар келади ва улар аввал катта лейтенант Шуҳрат Собиров ҳамда унинг қўл остидаги уч нафар аскарга дуч келади. Ҳарбийлар билан жангарилар ўртасидаги отишмада Собиров ҳалок бўлади.

“Бу воқеалар ҳали-ҳануз август ойи келганда кўз олдимизда туради… Шуҳрат Собиров Андижоннинг Туячи қишлоғидан. Сафдошимиз, курсдошимиз. Маҳмуд Жалилов — у ҳам худди шу қишлоқдан… Бир ротада, бир курсда, бир гуруҳда ўқиганмиз. Шуҳрат Чегара қўшинларида ҳам парашютдан сакраш ташкиллаштириляпти, ўша ерда парашютдан сакрашни давом эттираман, деган ниятда бир ой олдин ўтган эди”, дея эслайди Шокиров.

Захирадаги ҳарбийнинг айтишича, ўшанда у уч нафар аскар билан бирга Оқбулоқ, Қорасой йўналиши бўйича навбатчиликка чиққан. Йўлда тинчлик ҳукм сураётган, одамлар одатдагидек дам олаётган, ўз ишлари билан банд бўлган: кимдир картошка кавлаётган, кимдир олиб келаётган бўлган. У аскарлар билан тўхтаб тушлик қилган. Душман эса уларни айнан тушлик пайтида тепадан кузатиб турган…

Аскарлар хизматга эндигина олти ой бўлгани учун тажриба ва малакага эга эмас эди. Шу пайтда Сурхондарёнинг Узун туманида ҳам жанговар ҳаракатлар давом этаётган эди. Жаҳонгир Шокиров таътилда, Тошкент вилояти Бекобод туманидаги уйида бўлган. Зудлик билан у Чирчиқдаги ҳарбий билим юртига чақирилади.

“Эртаси куни тўққизларга билим юрти раҳбари генерал-маёр Феруз Усмонов, шахсий таркиб билан ишлаш бўйича бошлиқ ўринбосари полковник Мажидов билан бир хонада туриб вазифа олганмиз. Болалар билим юрти паркида техникаларни шай ҳолатга келтирган. Йиғма баталён тузилган, ъсеники жанговар 1-баталёнъ, дейишди. Шунинг учун ҳар бир курсантингнинг ҳаёти, ҳар бир курсантингнинг қурол-яроғи, ўқ-дориларига сен масъулсан деб, бориб қабул қилиш вазифалари қўйилди. Кейин паркка бориб, бириктирилган тўққизинчи рота шахсий таркибини тўлалигича қабул қилиб олиб, паркдан соат 12:00 ларга яқин йўлга чиққанмиз”, дейди Жаҳонгир Шокиров.

Ҳарбийлар Тошкент вилояти Бурчмулла қишлоғидаги “Олтин ёмби” пансионатига жойлаштирилади. “Ўша жойлашган жойимиз республикамизга бостириб кирган бузғунчи жангарилар босиб ўтган ҳудудга яқин ва тайёргарлик кўрса бўладиган, ўша ерда вертолётлар билан шахсий таркибни жанг майдонига олиб бориб ташласа бўладиган қулай жой бўлгани учун раҳбарият томонидан шу ер танланган. Мудофаа вазирининг кўрсатмасига биноан билим юрти раҳбарияти шу ерни мўлжаллаган. Биз келганимизда ҳали ъОлтин ёмбиъ пансионатида фуқаролар нима бўлаётганини билмаган… Соат 06:30–07:00 бўлган, ғира-шира бўлиб қолган. Полковник Мажидов вазифа қўйган. Одамларга ётиғи билан тушунтирилиб, ваҳима қилмасдан, ҳаммаси автобусларга миндирилиб, секин чиқариб юборилган”, дейди Шокиров.

Захирадаги офицернинг ёдга олишича, август ойида Бурчмуллада ўт жуда баланд ўсиб кетган. Унинг бўйи 1 метр 90 сантиметр бўлиб, олдинда келаётган одам агар эгилиброқ юрса, кўринмай қолган… Бўлинма Оқбулоқ деган жойга борганда Шуҳрат Собировнинг жасадига дуч келади. У қўллари кесилган, пешонасидан отилган ҳолатда бўлган. Тошга “ҳар биринг билан шундай ҳолат юз беради”, деган ёзув қолдирилган.

Ўзи жангариларнинг Бўстонлиққа кириб келишдан мақсади нима бўлган?

Шокировнинг тахминича, Бўстонлиққа ҳужум ўша пайтда Сариосиёда ҳам жадал жанглар кетаётгани сабабли чалғитувчи манёвр бўлган. Бундан ташқари, у ерда сув омбори жойлашган. Жангарилар гўёки сув омборини портлатмоқчи бўлиб, ҳарбийларнинг асосий кучини шу томонга йўналтирмоқчи бўлган.

“Энди у сув омборига борган бўлсангиз, биласиз, тепасининг ўзи 25-30 метр бўлса, таги 200 метр. Уни қопларда олиб келинган тратил билан портлатиб, бир нарсага эришиб бўлмасди. Шундай бўлса ҳам, агар сув платинадан ўца, Тошкентгача етиб келиши, жуда катта талафот етиши аниқ эди. Шу сабабли бунга йўл қўймаслик учун ҳам жуда катта куч ташланган”, дейди у.

27-август куни Жаҳонгир Шокиров бошқараётган бўлинма Ми-8 вертолётида Чотқол тоғ тизмасининг Боткенга яқин ҳудудига олиб борилади. Чунки душман куч ишлатиш бошланганидан кейин мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишга уриниши мумкин эди. Ўзбекистон ҳарбийлари пастдан тепага эмас, тепаликдан пастга тушишни маъқул кўради — бу жангчига ҳаракатланиш учун ҳам осон эди.

Жаҳонгир Шокиров бўлинмаси билан ҳудудни кўздан кечираётган пайтда бир чўпон йигитни тўхтатади ва унинг отидаги хуржунда нон кўплигига эътибор беради. Чўпон вертолётда “керакли жойга” жўнатилади ва ундан муҳим ахборот олинади.

“Кўзимга қараб туриб ъболаларим бор, уларга олиб бориб беришим керакъ, деди. Кейин билсак, болалари йўқ. Гапираётган гапларида талмовсираш бошланди… Нонлар Ўзбекистонга кириб келган жангарилар гуруҳига мўлжалланганини билдик”, дейди Шокиров.

Чўпоннинг хуржунлари тўкилганда, улар ичида нондан ташқари асал ҳам борлиги маълум бўлади. Асаллар алоҳида майда чўпларга ўралган бўлиб, бу жангарилар ҳаракат вақтида уларни ейиши осон бўлиши учун эди. Бундай чўпли асаллар сони 50 тага яқин бўлган.

Жангариларга қарши операция Қирғизистон жанубида ҳам олиб борилган. Қирғизистон куч тузилмалари маълумотига кўра, Боткен вилоятининг Лайлак туманида 40 нафаргача экстремистдан иборат гуруҳ ҳаракат қилган. Жанглар баланд тоғли ҳудудларда кечгани ҳукумат қўшинларининг жангариларни йўқ қилиш вазифасини мураккаблаштирган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида Бўстонлиққа кириб келган жангарилар гуруҳи яксон қилинади.

Россиянинг “Коммерсант” нашри томонидан 2000-йил 25-августда эълон қилинган хабарда шундай дейилади:

Россия Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-полковник Валерий Манилов агар тегишли мурожаат келиб тушса, Россия Ўзбекистонга ҳарбий-техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини яна бир бор билдирди. Ислом Каримов Россиянинг бундай таклифларини хушмуомалалик билан рад этди.

Нашр воқеалар ортида фақат тоғлардаги жанглар эмас, балки минтақадаги турли махсус хизматлар ва сиёсий кучлар манфаатлари тўқнашуви ҳам турганини таъкидлаган. “Коммерсант” манбаларидан бирининг айтишича, минтақада разведка хизматларининг бундай фаоллиги охирги марта Иккинчи жаҳон уруши даврида, “Теҳрон-43” операциясига тайёргарлик вақтида кузатилган.

Нашр жангариларнинг мақсади Ислом Каримов ҳокимиятига зарба бериш бўлганини ёзади. Қирғизистон эса Фарғона водийсига кириш йўлларидан бири сифатида кўрилган. Мақолада Фарғона водийсида ваҳҳобийлик тарафдорлари кучли позицияга эга экани ҳам қайд этилади.

Тожикистонга эса алоҳида рол юкланган, деб ҳисоблайди нашр. Бир томондан, “Коммерсант” Тожикистонни Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) жангариларининг асосий таянч ҳудудларидан бири сифатида кўрсатади ва уларга мамлакатдаги айрим нуфузли мансабдорлар ҳамда куч тузилмалари вакиллари ҳомийлик қилганини даъво қилади.

Иккинчи томондан, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиёдаги Россияга энг яқин сиёсатчилардан бири сифатида тасвирланади. Нашрнинг фикрича, унинг дунёвий давлат қуришга ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишга уринишлари экстремистик гуруҳларнинг норозилигини келтириб чиқарган.

Шу сабаб мақола муаллифи Ўзбекистонга бостириб киришнинг иккинчи муҳим мақсади — Раҳмонни қўшни давлатлар билан қарама-қарши қўйиш ва натижада Россиянинг минтақадаги таъсирини заифлаштириш бўлиши мумкинлигини илгари суради.

“Коммерсант”нинг Тошкентдаги мухбири қўлига қизиқ бир ҳужжат тушган. Унда Тожикистон куч тузилмаларидаги собиқ мухолифат дала қўмондонларининг махфий йиғилиши ҳақида сўз борган.

Ҳужжатда йиғилишда президент гвардияси қўмондони Ғаффор Мирзоев, фавқулодда вазиятлар вазири Мирзо Зиёев ҳамда ЎИҲ етакчилари қатнашгани айтилади. Унда гўёки Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этгани қайд этилган. Ҳужжатда Жума Намангоний “бундан кейин ҳам Ўзбекистонга қарши фаол кураш олиб боришини” Раҳмон ва бошқа иштирокчиларга билдиргани ёзилган. Бироқ нашрнинг ўзи ҳам Раҳмон номининг бу контекстда тилга олиниши олдиндан режалаштирилган провокация бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Нашрнинг фикрича, қарши кучларнинг саъй-ҳаракатлари Тожикистон ва Россия яқинлашувига маълум даражада натижа берган. Хабарда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Қирғизистон президенти Асқар Акаев Ялтадаги МДҲ саммитида қатнашишдан бош тортгани, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувида Раҳмонни кескин танқид қилгани эслатилади.

“Коммерсант” Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари ўша пайтга келиб юқорида тилга олинган ҳужжат матнини ўз президентларига тақдим этган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.