Хоразмда ишга киритишни ваъда қилиб, 14 млн сўм олган мактаб директори 3 йилга қамалди

Хоразмда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 14 миллион сўм олган мактаб директори 3 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Хонқа туманидаги мактаблардан бирининг директори, 1977-йилда туғилган З.Й. 2025-йил ноябр ойида ўз лавозимига тайинланган эди. Жорий йилнинг феврал ойида С.Х. исмли аёл унинг мактабига иш сўраб келган.
Суҳбат давомида З.Й. мактабда физика ўқитувчиси лавозими бўш эканлигини, дастлаб шу лавозимда ишлашни, кейинчалик эса уни директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига ўтказиш мумкинлигини айтган. Шунингдек, у “ҳар бир мактабнинг ўзига яраша чиқимлари борлигини” таъкидлаб, ишга киришдан олдин “озгина ёрдам” қилиш кераклигига ишора қилган.
Дастлаб З.Й. аёлни ишга жойлаштириш ва лавозимини кўтариш эвазига 23 миллион сўм талаб қилган. С.Х. бу миқдордаги пули йўқлигини айтгач, директор 14 миллион сўм эвазига масалани ҳал қилишини билдирган.
Шундан сўнг З.Й. пулни тезроқ беришни талаб қила бошлаган. С.Х. эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
24-феврал куни ўтказилган тезкор тадбир давомида З.Й. кимёвий ишлов берилган 14 миллион сўмни Урганч—Хонқа йўналишида қатновчи такси ҳайдовчисидан олаётган вақтида қўлга олинган.
Судда директор пулларни икки ой муддатда қайтариш шарти билан қарз сифатида сўраганини, аёлни ишга олиш ёки лавозимини кўтариш нияти бўлмаганини билдирган. Бироқ, суд гувоҳларнинг кўрсатмалари, аудиоёзувлар, Телеграм ёзишмалари, тезкор тадбир ҳужжатлари ва экспертиза хулосаларини З.Y.ning айбини тасдиқловчи далиллар деб топган.
Суд З.Y.ni Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Шунингдек, у 2 йил давомида давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Директорнинг ҳимоячиси ҳукмдан норози бўлиб, апелляция шикояти берган, аммо Хоразм вилоят суди апелляция инстансияси шикоятни қаноатлантирмасдан, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Аввалроқ Қашқадарёда тайинланганига 2 ой бўлмасдан 500 доллар пора олган мактаб директори 5 йилга, Сурхондарё вилояти Термиз туманида эса штати қисқараётган ўринбосаридан 2 миллион сўм пора олган мактаб директори 4 йилга қамалгани хабар қилинган эди.

