«Хочу жить»: Марказий Осиёнинг 20 мингдан ортиқ фуқароси РФ Қуролли Кучлари билан контракт тузган, уларнинг 40 фоизи — ўзбекистонликлар
Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг РФ билан Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома тузган 20,4 мингдан ортиқ фуқароси аниқланган. Уларнинг 40 фоизи — ўзбекистонликлардир. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Украина асирлигига тушган энг кўп сонли хорижликлар гуруҳлари қаторидадир.

«Яшашни хоҳлайман»: Марказий Осиёнинг 20 мингдан ортиқ фуқароси РФ ҚУ билан контракт имзолади, уларнинг 40% и — ўзбекистонликлар
«Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси маълум қилишича, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра Марказий Осиё мамлакатларининг 20,4 мингдан ортиқ фуқароси Украинага қарши урушда иштирок этиш учун РФ Қуролли кучлари билан контракт тузган. Бу маълумотлар 20 октябрь куни минтақа ОАВлари иштирокида ўтказилган брифингда тақдим этилди.
Уларнинг 8200 дан ортиғи, ёки минтақа бўйича умумий соннинг 40% и — Ўзбекистон фуқароларидир.
Ундан кейин Тожикистон (5308 киши, 26%), Қозоғистон (3819, 19%), Қирғизистон (2219, 11%) ва Туркманистон (884, 4%) бормоқда.
Марказий Осиё фуқаролари лойиҳа томонидан аниқланган Россия армиясидаги чет эллик контрактчилар умумий сонининг 44% ини ташкил этади.
Брифингда «Яшашни хоҳлайман» вакили таъкидлашича, статистикага Россия фуқаролигига эга бўлган асли марказий осиёликлар киритилмаган. Унинг сўзларига кўра, агар улар ҳам ҳисобга олинса, якуний рақам янада юқори бўлади.
«Яшашни хоҳлайман» маълумотларига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё мамлакатларининг РФ ҚУ билан контракт имзолаган фуқаролари сони 2,1 бараварга ошган: 2024 йилдаги 4119 кишидан (1446 таси Ўзбекистондан) 2025 йилда 8497 кишига (3487 таси Ўзбекистондан) етган. 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида яна 6043 киши (2602 таси Ўзбекистондан) контракт тузган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 71% ини ташкил этади.
«Қўшни мамлакатлар аҳолисини ёллаш, айниқса, тил, маданият ва миграция алоқалари туфайли жуда қулайдир», — дейди лойиҳа.
«Яшашни хоҳлайман» маълумотларига кўра, 2026 йил 12 октябрь ҳолатига кўра Украина асирлигида РФ Қуролли кучлари таркибида жанг қилган юзлаб чет элликлар бор. Улар дунёнинг 59 мамлакати фуқароларидир. Лойиҳа вакилининг сўзларига кўра, уларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.
Лойиҳа тақдимотига кўра, асирга тушган чет элликлар сони бўйича биринчи еттиликка Ўзбекистон, Тожикистон, Беларусь, Колумбия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон фуқаролари киради — тақдимотда улар айнан шу тартибда кўрсатилган.
Мамлакатлар бўйича асирлар сонига лойиҳада аниқлик киритилмади.
«Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси чет эл фуқароларини РФ Қуролли кучларига ёллашнинг учта асосий усулини тилга олади: сотиб олиш, алдаш ва мажбурлаш.
Тақдимотда айтилишича, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани учун ёллавчилар нисбатан юқори иш ҳақи — ойига 2000 доллардан 3000 долларгача, Россия фуқаролиги ва имтиёзлар ваъда қилади. Лойиҳа таъкидлашича, кўплаб чет элликлар пул ишлаб олиш умидида РФ ҚУга киришга онгли равишда рози бўлишади.
Алдов, лойиҳа маълумотларига кўра, қурилишда, қўриқлашда, омборларда ёки ҳайдовчилик бўйича «юқори тўланадиган ишга» таклиф қилишдан иборат. Эълонларда бу иш «Мудофаа вазирлиги манфаатлари йўлида» экани кўрсатилиши мумкин, аммо ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ҳақида эслатилмайди. Контракт имзолангандан сўнг, шахс полигондаги қисқа курсга, кейин эса фронтга юборилади. Лойиҳа маълумотларига кўра, кўпинча Шри-Ланка, Куба, Непал ва Африка мамлакатлари фуқаролари шу тарзда ёлланади.
Мажбурлаш полиция нолегал мигрантларни ва ҳужжатлари муддати ўтган одамларни қўлга оладиган рейдлар билан боғлиқ. Уларга қамоқ ёки депортация билан таҳдид қилинади ва «муқобил» таклиф этилади: пул ва фуқаролик эвазига РФ Мудофаа вазирлиги билан контракт тузиш. Лойиҳада таъкидланишича, бу Марказий Осиёдан келганлар учун кенг тарқалган сценарийдир.
«Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси вакилининг сўзларига кўра, ҳарбий асир чет элликларнинг 90% дан ортиғи сўровномадан ўтган, унда хусусан, РФ Қуролли кучлари билан контракт имзолаш сабаблари ҳақидаги саволларга жавоб беришган, шунингдек, келажакдаги истаклари ҳақида маълум қилишган.
Сўровнома натижалари минтақалар бўйича бўлинган: Марказий Осиё, Шарқий шериклик мамлакатлари (Арманистон, Беларусь, Молдова ва Грузия), Лотин Америкаси, Африка, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (MENA) мамлакатлари ва Осиё. Сўровда қатнашганлар сони тақдимотда ва брифингда айтилмади. Респондентлар бир нечта жавоб вариантини танлашлари мумкин эди, фоизлар эса ҳар бир гуруҳдаги жавобларнинг умумий сонидан келтирилган.
Сўровнома натижаларига кўра, Марказий Осиёлик ҳарбий асирларнинг асосий мотиви Россия фуқаролигини олиш истаги бўлган — жавобларнинг 32% и. Яна 20% жавоб қамоқдан чиқиш ёки жиноий жавобгарликдан қочиш интилишига тўғри келди — ушбу кўрсаткич бўйича минтақа бошқа барча гуруҳларни ортда қолдирмоқда. Жавобларнинг 10% и пул ишлаб олиш истаги, 6% и — Россиядан депортация қилинишдан қочиш истаги билан боғлиқ.
Жавобларнинг 12% ида контракт Россия ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз ихтиёри билан имзолангани кўрсатилган. «Яшашни хоҳлайман» вакилининг сўзларига кўра, шахсий суҳбатларда, хусусан, урушгача Марказий Осиё мамлакатларида яшаган этник руслар шундай дейишган.
Марказий Осиёлик ҳарбий асирларнинг келажакдаги режалар ҳақидаги саволга берган жавобларининг абсолют кўпчилиги «Россияга қайтиш» вариантига тўғри келди — 82%.
Жавобларнинг 11% ида ўз мамлакатига қайтиш эслатилади.
Лойиҳа вакилининг айтишича, «Яшашни хоҳлайман» билан суҳбатларда Марказий Осиёлик асирлар, ҳатто паспортни фақат контракт имзолангандан сўнг олишган бўлса ҳам, ўзларини Россия фуқаролари деб ҳисоблашларини айтишади. Бундан ташқари, улар уйга қайтишдан қўрқишади, чунки уларнинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатларида ёлланма аскарлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. шунингдек, асирлар ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани учун пул мукофоти олишни хоҳлашларини таъкидлашган.

